«Тошкент метросида аёллар учун куннинг одам гавжум бўладиган маълум қисмида ёки доимий алоҳида вагонлар ажратилса яхши бўларди». Бу таклиф яқин йиллар ичида пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари томонидан бот-бот тилга олиняпти. Яқин йиллар орасида илгари сурилаётган бу таклиф метро вагонида нотаниш қизга шилқимлик қилган икки талаба воқеасидан кейин яна жонланди. Умуман, метро ва бошқа жамоат транспортларида аёллар учун алоҳида вагон ва жойлар ажратиш Япония, Миср, Бразилия, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон каби дунёнинг ўндан ортиқ давлатларида йўлга қўйилган. Хўш, Ўзбекистонда ҳам бу тажрибани қўлласа бўладими? Kun.uz бу борада ижтимоий фаоллар фикрини ўрганди.

Камола Алиева

“Бу масала жамоат транспортидаги тегажоғликлар билан боғлиқ бўлиб, муаммонинг ечими сифатида айрим фаоллар томонидан таклиф қилиняпти. Аммо аёллар учун алоҳида вагон қилиш муаммонинг ечими эмас. Бу гендер сегрегация – одамларни жинс асосида ажратишга сабаб бўлади. Бундан ташқари тегажоғликларга уни содир этаётган эркак эмас, аёл кишининг ўзи масъул, деган қараш пайдо бўлиб қолади. Дейлик, бир аёл ёки қиз аёллар вагонига улгурмай, ёнидаги бошқа вагонга чиқди. Ўша пайтда тегажоғликка учраса, жамият томонидан аёл қораланади бошқа вагонга чиққани учун. Тўғри, баъзи давлатларда бор бу тажриба. Лекин улардаги умумий ҳолат бўйича тегажоғликни камайтирмаган бу нарса. Бундан ташқари, жинс бўйича камситиш бўлади, гендер тенглик принципларига ҳам зид”, – дейди гендер масалалари бўйича мутахассис Камола Алиева.

Журналист Азиза Қурбонованинг фикрича ҳам жамоат транспортларида бу тажрибани қўллаш ҳар доим ҳам ўзини оқламаган.

Азиза Қурбонова

“Гендер тенгликни фаол тарғиб қилаётган ва шундай муҳит яратишга уринаётган мамлакатлар тажрибаси бундай ажратилишни тўғри деб билмайди. Бир нечта мегаполисларда яшовчи турли эътиқодли 5600 аёл ўртасида сўровнома ўтказилиб, улардан шу нарса керакми, деб сўралганида уларнинг аксарияти ундан кўра метро ва автобусларнинг қатнов оралиқ вақтини қисқартириб зичликка йўл қўймаслик керак, деб жавоб берган”, –