16:11 / 26.06.2023
14554

Ростовда «Вагнер» излари, Бахмут атрофида жанглар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 487-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Алексей Картаполов «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари Ростов-Донда «ҳеч кимни ранжитмагани» ва «ҳеч нарсани бузишмагани», шунинг учун ташкилотни тақиқлашга ҳожат йўқлигини айтди.
  • Воронеж областидаги посёлкалардан бирида вагнерчилар ва ҳарбий хизматчилар ўртасидаги отишма оқибатида 19 та уй шикастланган, бу ҳақда маҳаллий расмийлар хабар қилишди. Ростов-Дон мэри эса исён вақтида 10 минг квадрат метрдан ортиқ йўл қопламаси зарарланганини маълум қилди. РФ мудофаа вазирлигига яқин бўлган «Рыбарь» телеграм-канали хабар қилишича, исён оқибатида Россия армияси еттита бортдан айрилган, жумладан Ми-8 русумли уч вертолёт уриб туширилган, 20 дан ортиқ учувчилар ҳалок бўлган.
  • Пригожиннинг матбуот хизмати у ҳозирча алоқага чиқмаётганини билдирди. Уни сўнгги бор Ростов-Донни тарк этаётганида кўришган. Исён якунлари ҳақида Пригожин шундай деган: «Нормал натижа. Барчани жонлантирдик».
  • Италиянинг La Repubblica нашрига кўра, Пригожиннинг исёни бошлангач, НАТО вакиллари  РФ мудофаа вазирлиги билан боғланган. Ғарб бу ҳаракати билан биринчи навбатда ушбу исёнга алоқадор эмаслигини етказишни истаган.
  • The New York Times ва The Washington Post нашрлари эса АҚШ разведкаси бир неча кун муқаддам конгресс раҳбариятини Пригожин қуролли исён тайёрлаётгани ҳақида огоҳлантиргани ҳақида ёзди.

Часив Яр яқинидаги украин ҳарбийлари

Украина қарши ҳужумини давом эттирмоқда. Фронт чизиғида жойлашган аҳоли яшаш манзилларидан бири — Донецк области Бахмут районидаги Часив Яр шаҳридир. Бу ерда май ойи ўрталаридан буён Бахмут фронтида қанотларда юриш қилаётган гуруҳ штаби жойлашган. Часив Яр Бахмут ва Россия армияси позицияларидан 15 километр ғарбда. Баҳорда ушбу шаҳар қуршовга тушиб қолиши хавфи пайдо бўлганди, аммо Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга ўтиши Россия кучлари ёриб киришининг олдини олди. Украина қуролли кучлари Запорижжя ва Донецк областларида россияликларнинг фронт чизиғидан бир неча километр ичкаридаги позицияларини артиллерия ва дронлар билан ўққа тутмоқда.

Украинанинг Кости Гордиенко номидаги 57-алоҳида мотоўқчилар бригадаси ҳарбий хизматчиси 2С1 «Гвоздика» гаубицасидан Россия қўшинлари бўйлаб берадиган зарбаларни йўналтирмоқда.
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
2С1 «Гвоздика» гаубицасидан россияликлар позициясига ўт очилмоқда
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Украинанинг Кости Гордиенко номидаги 57-алоҳида мотоўқчилар бригадаси ҳарбийлари тиббий хизматни билдирувчи белгилар ўрнатилган М113 зирҳли транспортёрида ҳаракатланмоқда.
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Йода лақабли украиналик шифокор яраланган хизматдошига ёрдам кўрсатмоқда.
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Ерда ётган қонли бинтлар
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA

Днипро ГЭС яқинида ҳам дарё сув сатҳи саёзлашган

Каховка ГЭС тўғони бузилишидан кейин Днипрода сув сатҳи кескин пасайди — жумладан дарёнинг юқори оқимида жойлашган ҳудудларда ҳам. Днипро ГЭС атрофида дарё туби кўриниб қолган. 

Reuters / Scanpix / LETA

Ростов-Донда «Вагнер» излари

Евгений Пригожин эълон қилган «Адолат марши»дан кейин 24 июн тонгида «Вагнер» кучлари Ростов-Донни эгаллади, ёлланма жангчиларнинг бошқа гуруҳи Москва томон ҳаракатланди. Ёлланма жангчилар пойтахтга 200 километр қолганида тўхтади. Александр Лукашенко билан ўтказилган музокаралардан кейин Пригожин исённи якунлашга қарор қилди. 24 июн куни «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин автомобилда Ростов-Донни тарк этди — шундан буён у кўриниш бермаяпти.

Ростов-Дон мэриясидагилар вагнерчиларнинг техникалари шаҳарда 10 минг квадрат метрдан ортиқ йўл қопламасини шикастлаганини маълум қилган. Расмийлар йўлларни икки кун ичида таъмирлашни ваъда қилган.

Ростов-Донда исён куни «Вагнер» танки тиқилиб қолган цирк дарвозаси (кейинроқ танк йўлни тўсиш учун атайлаб шундай жойлаштирилгани айтилди). Цирк Жанубий ҳарбий округ штаби биноси билан ёнма-ён жойлашган.
AP / Scanpix / LETA
Жанубий ҳарбий округ штаби атрофида танклар гусеницаларидан зарарланган асфалт қопламаси
Коммунал хизмат ходими Жанубий ҳарбий округ штаби биноси атрофини тозаламоқда
Коммунал хизматлар Ростов-Дондаги йўлни таъмирламоқда
Мавзу
Пригожин исёни
23 июн куни кечқурун «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин РФ мудофаа вазирлигини вагнерчиларга ҳужум қилишда айблаб, «адолат марши» эълон қилди. 24 июн куни унинг қўшини Ростовни эгаллаб, Москва томон йўлга тушди.
Барчаси
Top