08:50 / 01.07.2023
5177

Ўзбекистон ва Исроил рақамли технологияларни шаҳар бошқарувида қўллаш бўйича ҳамкорлик қилмоқчи

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Феруза Маҳмудова Тел-Авив-Яффо шаҳри мэри Рон Хулдай билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Унда Тошкент ва Тел-Авив-Яффо шаҳар маъмуриятлари ўртасида алоқалар ўрнатиш, шаҳарлараро ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Рон Хулдай Исроилнинг Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик кўламларини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирар экан, Тел-Авив-Яффонинг Тошкент билан мулоқотларини ривожлантириш ва аниқ мақсадга йўналтирилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш тарафдори эканини маълум қилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, ички ва ташқи сиёсат, миллатлараро ва диний ҳамжиҳатлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якуни бўйича турли соҳаларда, шу жумладан, рақамли технологияларни шаҳар бошқарувида қўллаш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва сайёҳлик соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш сингари йўналишларда ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан муштарак манфаатдорлик билдирилди.

Top