Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ар-Риёд шаҳридаги подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортга ҳусийчилар томонидан амалга оширилган, бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлиши ва тинч аҳоли вакиллари жароҳатланишига олиб келган мудҳиш ҳужумдан чуқур қайғуда эканини билдирди ва ушбу ҳужумни қатъий қоралаб, баёнот берди.

Шанба куни Саудия Арабистонидаги халқаро аэропортга ракета зарбаси берилиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлиб, 310 киши жароҳат олган. Ўнлаб ярадорларнинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Қурбонлар орасида Саудиядан ташқари АҚШ, Миср, Иордания, Фаластин, Сурия ва Судан фуқаролари ҳам бор.

The New York Times нашри қайд этишича, бу АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлашидан кейинги даврда минтақадаги араб давлатига қилинган энг ажалвор ҳужум бўлди. Икки кун олдин, 8 октябрда ҳам ушбу аэропортга дрон зарбаси оқибатида уч киши, жумладан, Saudia авиакомпанияси учувчиси ҳалок бўлиб, бир неча киши жароҳат олган, аэропорт ҳудудида турган самолёт ёниб кетганди.

«Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз, ушбу фожиали воқеа оқибатида жабрланганларга чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз. Жароҳат олганларнинг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишини тилаймиз. Шунингдек, Саудия Арабистони подшоҳлигининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.

Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларининг жиддий бузилиши ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши шарт. Тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш ва муҳим инфратузилма объектлари хавфсизлигини таъминлаш сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолиши лозим», – дейилади ТИВ баёнотида.

Вазирлик бундай ҳужумларни «зудлик билан тўхтатишга» чақирган: «Барча томонларни вазминлик кўрсатишга, кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка, келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига мувофиқ, мулоқот ва дипломатик воситалар орқали ҳал этишга қатъий даъват этамиз».

«Ўзбекистон Республикаси биродар Саудия Арабистони подшоҳлиги халқи ва Ҳукумати билан бирдамлигини изҳор этади ҳамда минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди», дея қўшимча қилган Ўзбекистон ТИВ.

Бундан олдинроқ Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ҳам минтақадаги кескинлик фонида ватандошларни авиақатновлар жадвалидаги эҳтимолий ўзгаришларни ҳисобга олишга ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирганди.