Ўзбекистонда сўнгги йиллар Ислом молиявий муассасаларини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Хусусан, банкларда исломий дарчалар ва микромолия ташкилотлари очилмоқда. Бундан ташқари, Исломий банклар фаолиятини йўлга қўйиш учун замин бўладиган қонунчилик ишлаб чиқилмоқда. Қувонарли тарафи, бундай ишлар президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, соҳа ривожи учун алоҳида эътибор ажратилмоқда.
Kun.uz мухбири – Ислом молияси бўйича AAOIFI сертификати соҳиби, Мадина Ислом университети магистранти Маҳмуд Усмон ҳамда Тошкент давлат юридик университети “Бизнес ҳуқуқи” кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Ҳусайн Ражабов билан суҳбатлашди. Мутахассислар Ислом молия тизими ва унинг дунё иқтисодидаги ўрни, Ўзбекистонда Исломий банклар очиш, қонунчиликда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритади ва уларга ўз тавсияларини берди.
— Ислом молияси ўзи нима? Ислом молияси деганда, нимани тасаввур қилиш керак?
Маҳмуд Усмон:

— Ислом молиясига кенгроқ ва торроқ маънода қараш мумкин. Кенгроқ олганда, ҳар қандай жисмоний ва юридик шахсларнинг молиявий муносабатлари, ҳар қандай моддий қийматга эга бўлган нарсалар киради. Торроқ маънода инвестицияни яратиш ва ўрганишдаги асосларнинг исломий қоидаларга қурилиши Ислом молияси бўлади. Бир нарсани эътиборга олиш керак. Ислом молияси янги пайдо бўлган муқобил эмас, балки ўзига қадар мавжуд бўлган молиявий жараёнларнинг хатосини тўғрилади, холос. Масалан, тижоратда низога олиб борувчи мажбурлик элементи, рибо билан боғлиқ масалалар бор эди. Ислом мана шу муносабатларни тўғрилади. Яъни тақиқланган элементлардан тозаланган шаклдир.
— Ҳозирги вақтда дунё иқтисодиётида Ислом молиясининг ўрни ва у қандай ўсиб боряпти?
Ҳусайн Ражабов:

— Ислом молияси ривожланиш тарихи 40-45 йилни ўз ичига олади. Лекин шунга қарамасдан, ҳозир Ислом молиясининг активлари 4 трлн долларга етган. Тўғри, глобал молиявий тизимда бу 2 фоизни ташкил этади, лекин қисқа вақт ичида ривожланиш тез бўляпти. Ҳозирда ислом молиясининг йиллик ўсиши 15-20 фоизни ташкил этяпти. Бутун дунёда 500 дан ортиқ исломий банклар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари бошқа молиявий ташкилотлар 2 мингга яқин. Нафақат исломий давлатлар, балки номусулмон бўлган Япония, АҚШ, Англия каби давлатларда исломий банклар бор.







