Иқтисодиёт | 17:35
444
16 дақиқада ўқилади

Исломий инвестиция – у нима? Ҳар бир инсон инвестор бўла оладими?

Ўзбекистонга исломий инвестицияларни олиб келиш умидида юрган инсонлар бор. Бундай инвестиция учун мамлакатда шарт-шароит яратилаётгани уларни руҳлантирган. Шу билан бирга, миллиардларни жалб қилишимиз учун ҳали қилиниши керак бўлган ишлар бор, дейди улар.

Ал-Азҳар университети докторанти Маҳмуд Усмон ҳамда Қатардаги Lesha Bank инвестицион банки катта вице-президенти Ҳабибулло Ибрагимов Kun.uz'га берган интервюсида исломий инвестициялар ҳақидаги саволларга оддий тилда жавоб беришди.

Маҳмуд Усмон: Сармоя ва сармояга оид маҳсулотлар ислом молиясининг энг чиройли маҳсулотлари ҳисобланади. Дейлик, масалан, бир одам чет эл банкидан, кредит олиб келди. “Мен инвестиция олиб келдим фалон давлатдан” дейди. Йўқ, кредит бўлса, инвестиция эмас бу. Чунки у кредит, у сизга шартлари билан берилди, 100% қайтариб олади. Инвестиция бу – шериклик, гўзал маҳсулот.

Ўзбекистоннинг ичида инвестиция жалб қилсангиз бўлади ҳамда ташқаридан инвестиция жалб қилсангиз бўлади. Исломий банклар ўзининг фаолиятини бошлагандан кейин, ташқаридаги исломий банклар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг ишончи қозонилса, Ўзбекистондаги бизнесларга пул киритиш: муробаҳа шаклидами, мушарака шаклидами, пул киритиш бўйича шартномаларга эришса бўлади. Мана бу ташқаридан кириши мумкин бўлган битта инвестиция тури.

Бу бўйича ҳаракатлар бор, уринишлар бор, турли бизнеслар томонидан. Биз ўзимиз мана Ҳабибуллоҳ ака билан Қатарда эдик, у ёқда ҳаракат қилиш бўйича баъзи учрашувлар бўлди.

Иккинчи йўналиш, бу – Ўзбекистоннинг ичидаги пулларни инвестицияга айлантириш. Яъни Ўзбекистоннинг ичида одамларнинг таъбир жоиз бўлса, ёстиқлари остида турган пулларни. Ўзбекистон бизнесларининг чанқоғини қондира оладиган, Ўзбекистоннинг ичида кўплаб пул бор дейишади мутахассислар. Ўша пулларни инвестиция сифатида бизнесларга жалб қила олганимизда, катта ғалаба бўларди. Ички инвестициялар қанақа тарзда бўлади?

Дейлик, бой одам, хос инвестор бўлиши ҳам мумкин. 100 минг, 200 минг, 500 минг доллар, миллион доллар пули бор одамда. Ёки дейлик оддий ўқитувчи, доктор. Ойлигидан 20%, 10% ўзининг харажатларидан тежаб, инвестиция қилишни хоҳлаши мумкин. Мана шу пулни олиб, бирорта бир бизнесдан улуш сотиб олиши, тушадиган даромадларга шерик бўлиши, шу бизнеснинг ўсишидан, капитализациси ўсишидан манфаатлашиши мумкин. Капитални бирга ўстириш бу. Бу ички инвестициянинг бир чиройли кўриниши.

Шокир Шарипов: Яъни қайсидир маънода Ғарб олами айнан инвестиция институти эвазига ривожланяпти-да, биз эса ҳозир тўхтаб турибмиз, чунки исломий шакли йўқ, чекловлар бор, мен мисол учун истамайман фоиз бўлаётган жойга иштирок этишга, сиз ҳам истамайсиз, натижада иқтисодиёт қафас ичида тургандек, шунақами?

Ҳабибулло Ибрагимов: Тўппа-тўғри. Масалан, иккита нарсага мен улаган бўлардим шу нарсани. Биринчидан, исломий молия. Исломий молияда, масалан, тахминларга кўра 10-20 миллиард пул бор ичкарида (Ўзбекистонда – таҳр.). Катта пул бор одамларнинг қўлида, ҳали системага кириб келмаган. Исломий молия очилиши билан, шу пуллар системага кириб келгандан кейин, ўз-ўзидан, масалан, банкларнинг қўлида кўпроқ пул пайдо бўлгандан кейин, бозордаги кредит ажратиш ёки, масалан, молиялаштириш ставкалари ҳам анча тушади ўз-ўзидан. 2030-йилгача, масалан, қайта молиялаш ставкасини 5% га тушириш режалаштирилган.

Исломий банкларнинг очилиши бу нарсани яна ҳам тезлаштириб юбориши мумкин. Чунки ташқарида ҳали банк системасига кириб келмаган пулларни секин олиб киришга йўл очиб беради. Иккинчиси, капитал бозор ҳали Ўзбекистонда яхши ривожланмаган. Бу нарса ривожланиши керак.

Араб мамлакатларида инвестицион банклар бор. Инвестицион банклар компанияларга шерикликка киришга ёрдам беради, ўртада туради. Биз Қатарда худди шу иш билан шуғулланамиз. Масалан, тез ўсаётган компанияни топамиз, ўрганамиз, стратегияси билан танишиб чиқамиз, молиявий ҳолатини ўрганамиз. Шу компания бир неча йил ичида биз кутган молиявий натижага эришишига кўзимиз етадиган бўлса, бир қисмини сотиб оламиз ва инвесторларга таклиф қиламиз. Ҳали шу нарса Ўзбекистонда ривожланмаган, ривожлантириладиган бўлса, одамларда фақат банкка депозит қўйиши эмас, қўшимча инвестиция қилиши учун маҳсулотлар ҳам кўп бўлади.

Шокир Шарипов: Инвестиция сўзи ҳадисларда йўқ, тўғрими? Лекин бу иқтисодиётнинг бир муҳим унсури – инвестиция. Мен бир иш қиляпман, тижорат қиляпман ёки корхона очдим ёки стартап қиляпман. Сиз ҳиссангизни қўшяпсиз, менга ишонганингиз учун. Бу ерда ижтимоий яқинлик ҳам ҳосил бўлади, тўғрими? Ишоняпсиз-да менга чунки, шунинг учун инвестиция киритяпсиз. Шу маънода, инвестициянинг исломий жиҳатдан моҳиятини очиб берайлик. Нимаси билан у қадрли? Чунки исломда, биламиз, ҳамма яхши нарсаларга рухсат этилган, тўғрими? Унинг нимаси яхши эканлигини очиб беришимиз керак.

Маҳмуд Усмон: Ажойиб томони, ҳозир масалан, шу суҳбатни ўтказасиз, суҳбат тамомлангандан кейин чиқиб бир жойда, дейлик, кечки овқат емоқчи бўласиз. Ўша ошхона учун сиз истеъмолчисиз, ошхонанинг эгаси даромад кўради бундан. Журналист сифатида ёки бошқа бир касб эгаси сифатида сиз ишлайсиз, вақтингизни пулга алмаштирасиз. Кейин ҳалиги пулни олиб бориб ўша ошхонада ёки бошқа жойда сарфлайсиз. Натижада вақтингиз гўё овқат ейишга сарфланяпти, йўқ бўлиб кетяпти. Умрингизни шу нарсага сарфлагандек бўлиб қоляпсиз. Ўз-ўзидан “шу ошхонанинг 1% ига ёки 0, 1% ига бўлса ҳам мен эга бўлсам бўлмайдими”, деган савол савол пайдо бўлади.

Тасаввур қилинг, мен ойлигимдан оз-оз тежасам-да, шу ошхонанинг 0, 1% ини йиллар давомида, майли, сотиб олсам. Охир-оқибат шу ошхонага кириб овқатланаётган одамларнинг харажатларидан менга қанақадир даромад келиб турса. Шу маънода инвестициянинг моҳияти бўлган шерикликнинг яхши томони, у тадбиркор билан оддий халқ вакилини ва керак бўлса, унинг ўзининг мижози бўлган халқ вакилини унинг шеригига айлантиради!

Натижада халқ орасида бўлаётган мана шу сиз кўриб турган бизнеслар, масалан, машҳур супермаркетлар бўлсин, ишлаб чиқариш жойлари бўлсин, хизмат кўрсатиш жойлари бўлсин, булар халқнинг бизнесига айланади.

Охирги беш йил ичида, айниқса, жуда кескин ўсиш бўлди кўп бизнесларда. Ва бу ўсиш оқибатида бизнес эгаларининг ҳаммасида пайдо бўлган савол: қаердан сармоя топсам бўлади, қаердан инвестиция жалб қилсам бўлади? Хориждан жалб қилишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Банклардан олишда баъзи одамларда қадрият билан боғлиқ, масалан, тўсиқлар бор. Мана шундай ҳолда у қараб ўзининг мижозларидан ўша пулни олса бўлади. Ва мижозларини ўзининг бизнесига шерик қилса бўлади.

Шерикликнинг моҳиятини, гўзаллигини тўртта нарсада жамласак.

Биринчи ижобий нуқтаси, одам ўзининг бизнесига ўзининг мижозларини ва халқ вакилини, ўқитувчини, докторни жалб қилади. Қайсидир маънода ҳамма жамият учун ишлаяпти, жамият учун бу касблар ҳам керак. Мана шу касб эгаларини ўзининг бизнесига шерик қилади. Оқибатда уларни ҳам манфаатлантиради ўзининг муваффақиятидан.

Иккинчи нуқта, уларнинг пуллари бунинг бизнесига кириб келиши оқибатида бу ўзи ҳалол ва деярли тугамайдиган инвестиция манбайига эга бўлади. Масалан, сиз ҳозир, дейлик, орттириб, тежаб, бошқа қилиб, дейлик, бир йиллик, ярим йиллик пулингиздан муайян битта ресторанга инвестиция киритдингиз. Улуш олдингиз шу ресторандан. Ва қанақадир фойда кўришни бошладингиз. Кейинги йилга яна киритаман дейсиз. Чунки биринчи йил фойда кўрдингиз-ку. Айниқса, агар ўша ресторандан пулингизни керак пайтда ечиб ола олсангиз. Оқибатда яна ҳам хотиржам бўлиб, келажакда пул киритасиз. Оқибатда ресторан доим пул келиб турадиган битта манбага эга бўлди. Доимий шериги бор. Қачон пул керак бўлса, ўзининг инвесторларига эълон қила олади. Ҳозир янги филиал очишимиз керак, бизга шунча пул керак. Ҳамма ўртага пул ташлайди, бир пастда пул жамланиб қолади ва битта янги филиал очиб оласиз. Даромадга шерик қиласиз.

Учинчи ижобий томони, мижозлар бизнесни ўзининг бизнеси деб кўришни бошлайди. Оқибатда ўша бизнесга бўлган мижознинг муносабати ўзгаради. Масалан, мен бир куни бу ресторанда овқатланаман, бир куни бу ресторанда овқатланаман. Лекин энди агар мана бу рестораннинг 0, 01% ига бўлса ҳам, улушдор бўлсам, энди мен фақат шу ресторанда овқатланаман, чунки менинг ресторанимда бу. Тушуняпсизми? Мен нафақат доимий мижоз, балки рекламачи, балки қаттиқ мудофаачига айланиб қоламан бу бизнесга. “Direct celling” дейди буни, юзма-юз сотиш. Бу доимо самарадорроқ бўлади. Мана ҳозир қанчадир пул бериб, телевидение, радиода эълон берасиз. Билмайсиз, ўша реклама фойда берадими, йўқми. Фойданинг ҳажмидан қатъий назар, сиз барибир ўша пулни сарфлайсиз. Лекин “direct celling”да, яъни бир одам сизга реклама қилиб беришида, манфаат кўрасиз ва манфаатга қараб пул тўлайсиз. Шунинг учун Google ва бошқалар ривожланиб кетди. Кликига қараб пул тўлайди, масалан. Текинга сизни реклама қилади мижозингиз. Яъни халқнинг сизга нисбатан алоҳида садоқати ва алоҳида чиройли бир муносабати, муҳаббати бўлиши.

Тўртинчиси, одамларда мана шундай маданият пайдо бўлади: бирга ўсайлик, бир нарса улашайлик деган маданият.

Масалан, бирорта банкдан кредит оладиган бўлсангиз, у ерда мавсумлар бор. Баъзи мавсумларда даромад топмайсиз, лекин барибир ўша пулни беришингиз керак, тўлов жадвали бор. Пул топмайсиз баъзи ҳолатларда, барибир тўлашингиз керак. Баъзи ҳолатларда ўсиб кетасиз, ўша миқдорни тўлайсиз. Банк ўсишингиздан манфаат ҳам топмайди.

Бу ерда эса мавсум ёмонми, пул тўламайсиз. Ёки камроқ пул тўлайсиз. Мавсум яхшими, кўпроқ пул тўлайсиз. Натижада шеригингиз сиз билан бирга ҳаракатланади. Ва сиз билан ҳаракатланувчи шеригингизда ўз ўрнида инвесторлик менталитети пайдо бўлади. Яъни у энди ўзини нафақат ўқитувчи, балки инвестор деб билади. Ва натижада ўз пулига қараши ўзгаради. Яъни у энди билади – вақтни пулга алмаштириш керак эмас, вақтни ҳаётидаги энг қиммат капитал – вақтга алмаштирса бўлади.

Шокир Шарипов: Ҳар бир инсон инвестор бўлса, ўша жамият муваффақиятли, самарали жамиятга айланади. Шундай десак бўладими?

Маҳмуд Усмон: Шунақа. Бунинг иккита томони бор. Бир видеода иккита одам суҳбатлашяпти. Биттасининг қўлида AirPod деган нарса бор. Биттаси 399 долларга манақа нарса чиқди, музика эшитса бўлар экан, деб мақтаяпти. Иккинчиси “қайси компания чиқарибди” шунинг акциясини оламан деяпти. Орадан уч-тўрт йил ўтгандан кейин, яна учрашишди, ҳалиги AirPod олган киши “бу компания энди iPhone чиқаришди, кнопкалари бўлмас экан, экраннинг ўзида бошқарилар экан” деяпти. Беш йил ўтгандан кейин бу киши “iPhone 5-чиси чиқди, 10 йил ўтгандан кейин iPhone 10-чиси чиқди, сенинг акциянг нима бўлди” деб сўраса, униси “акциям 300 минг долларга етди” деяпти. Яъни биринчи киши истеъмол, истеъмол, истеъмол, қилиш билан шуғулланяпти. Иккинчи киши фикрлаяпти, қанақа қилиб мана шу – истеъмол қилаётганим нарсадан фойда кўрсам бўлади?

Биринчи йўл, бу истеъмолчилик ботқоғи. Мана шу нарсани хоҳлайман. Оламан. Кейин 10 йил тўлаб юраман. 10 йил давомида яна бир нарсани хоҳлайман. Кейин уни оламан. Кейин уни тўлаб юраман. Доимий равишда уни тўлаб, буни тўлаб, шу ботқоқда юравераман.

Иккинчиси, шуни хоҳлайман, лекин шунинг ярмича пулим бор. Шу пулни олай-да, мана бу жойга инвестиция қилай. Натижада секин-секин пул кўпайишни бошлайди ва қолган пулларни ҳам шунга қўяман, сабр қиламан, сабр қиламан ва секин-секин менда инвестиция учун капитал жамланишни бошлайди. Кейин ўз-ўзидан менда бу бўйича тажриба ҳам пайдо бўлади: “Бу компания яхшироқ экан, бунақа шаклда қилсам яхшироқ экан, мана бу нарсани эртага мен ўндан бирини, 10 баробар кўпроғини олишим мумкин”. Ўзимнинг булоғим бўлади, менга пул келтириб турадиган манбайим бўлади.

Мен хоҳлардим Ҳабибуллоҳ ака Қатарни мисол келтириб беришларини.

Ҳабибулло Ибрагимов: Қатарда инвестицион банкда ишлайман, катта вице-президент бўлиб.

Шокир Шарипов: Икки оғиз шу банкларингиз ҳақида, қанча оборот қилинади?

Ҳабибулло Ибрагимов: 5 миллиард доллардан ошиқ пул айлантирамиз.

Шокир Шарипов: Асосан катта-катта объектларга инвестиция киритасизларми?

Ҳабибулло Ибрагимов: Бизнинг йўналишимиз, биз фақат инвестиция қиламиз. Бизнинг инвестициямиз фақат Қатарнинг ўзида эмас, жаҳон бўйича, масалан, Америкада, Европада, Саудияда ҳозир. Бир нечта йўналиш бўйича ишлаймиз. Масалан, йўналишлардан биринчиси авиация йўналиши. Самолётларни сотиб оламиз, қийматини шу фонднинг ичига ташлаб оламиз ҳар сафар. У фонднинг юнитларини инвесторларга бўлиб-бўлиб сотамиз. Инвесторлар у фонддан юнит сотиб оладиган бўлса, доимий, масалан, ижарадан келган пулдан дивиденд олиб туришади.

Инвесторларга ўзлари бориб тўғридан-тўғри қилиш имконияти бўлмаган инвестицияларни қиламиз. Чунки катта инвестициялар бўлади, 100 миллион, 200 миллион, 300 миллион долларлик инвестициялар бўлади.

Маҳмуд Усмон: Айтганимиздек, битта одам бориб бир ресторандан улуш олади дедик. Муаммо шундаки, воқеликда шу одам шу яхши ресторанни топа олмайди. Ўша улушни олишда яхши шартнома туза олмайди. Ёки бир одам бориб, дейлик, кўчмас мулкка инвестиция қилмоқчи. Унга кўчмас мулкка етарли пули бўлмаслиги мумкин. Кўчмас мулк бозоридаги стабиллик, бозордаги ўсиш ёки бошқага шерик бўлиши учун унда етарли пул йўқ. Ёки пули бўлса ҳам, у ўзининг манфаати учун қулай бўлган шартнома тузиш даражасида молиявий, ҳуқуқий билимларга, кўникмаларга, малакаларга эга эмас. У боради, одатда шунча нарх ёзилган дейди, талашади, тортишади, қўлидан келганча шу нархга олади. Ўтириб, бозорни ўрганиб, келажакда шаҳарнинг қайси томони яхшироқ бўлади, қаерда кўчмас мулкни оладиган бўлсам, нарх тушиб кетмайди, қаерда оладиган бўлсам, менга кўпроқ фойда келтиради деган ўрганишлар қилади.

Ҳабибулло Ибрагимов: Жуда кўп, беш-олти йилда ўсиб қолган компаниялар билан гаплашдик. Улар компанияларини ўзлари ўстириб, ривожлантиришган. Катта компанияларни бошқариш бўйича уларда тажриба етишмаслиги мумкин. Инвестицион банклар билан шерикликка киргандан кейин эса улардан тегишли тавсияларини ола бошлайди, директорлар кенгашига одамини қўяди, доимий ҳисоботларини аудит қилдириб туради. Кўплаб компанияларда муаммо бўлади – битта одамга боғлиқ бўлиб қолади. Агар у одам кетадиган бўлса, компаниянинг келажаги йўқ. Инвестицион компания бу жойда ҳам қўл келади, “бутун компания сизга боғланиб қолибди, сиздан кейинги одам ким, қанақа қилиб шу муаммони ҳал қилсак бўлади?” деб тергайди.

Шокир Шарипов
Муаллиф Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид