Июн ойида Украинага махфий ташрифи чоғида МРБ директори Уилям Бёрнсга Киев томонидан амбицияли режани тақдим этишган: Россия томонидан оккупация қилинган ҳудудларни қайтариш ва йил охиригача Москва билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлаш. Бу ҳақда Американинг Washington Post нашри аноним манбаларига асосланган ҳолда хабар тарқатди.
Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс июн ойи охирида Украинага келиб, разведкачи ҳамкасблари ҳамда президент Володимир Зеленский билан учрашгани тўғрисида бошқа нуфузли нашрлар ҳам шахси сир сақланишини истаган манбаларига таянган ҳолда хабар берганди.
Манбалар ташриф санасини аниқ келтирмаган, аммо бу Россияда Пригожиннинг 23 июн куни бошланган исёни арафасида рўй бергани қайд этилган.
Мақола чиқиши ортидан президент Зеленский Украина фақат барча ҳудудлари озод этилганидан кейингина Россия билан музокараларга тайёр бўлишини айтди. «Украина ҳақиқий чегараларимизга чиққанимиздан кейингина у ёки бу форматдаги дипломатияга тайёр бўлади. Халқаро ҳуқуққа мувофиқ бўлган ҳақиқий чегараларимизга», — дея Зеленскийдан иқтибос келтирган «РБК-Украина».
1 июлгача хабар қилинмаган Бёрнснинг сафари украин кучларининг қарши ҳужуми кетаётган, аммо мамлакат расмийлари айтишича, ҳали ғарб томонидан тайёрланган ва қуролланган асосий штурм бригадалари жангга ташланмаган маҳалга тўғри келди.
WP билан гаплашган мулозимлардан бирига кўра, ташрифдан мақсад Байден маъмурияти Украина ўзини ҳимоя қилиши учун бундан кейин ҳам разведка маълумотларини тақдим этишга «тайёрлигини тасдиқлаш» ҳисобланади.
Аввалроқ Байден маъмурияти Пригожиннинг нияти ҳақида июн ойи ўрталаридан буён хабардор бўлгани ҳақида разведка маълумотини Украина томонига етказганди. Аммо Washington Post манбасига кўра, Киевда Бёрнс бу мавзуни муҳокама қилмаган.
Киев омма олдида ўз қарши ҳужуми паст суръатларда кетаётгани танқидга учраётганидан ранжиётганини билдирса-да, украин ҳарбий стратеглари ўзаро суҳбатларда Бёрнс ва бошқаларга яхши кайфиятда эканликларини билдиришади, дея ёзади WP.
Газета маълумотларига кўра, Киев ғарблик ҳамкасбларига босиб олинган ҳудудларнинг салмоқли қисмини кузгача қайтариш; Россия томонидан назорат қилинаётган Қрим чегарасига артиллерия ва ракета комплексларини жойлаштириш; Украина шарқида илгарилаш; кейин Москва билан музокараларни бошлаш режалари билан ўртоқлашган - бу ўтган йил март ойида барбод бўлган тинчлик музокараларидан кейинги биринчиси бўлади. Бу ҳақда Washington Post нашрига режа билан таниш бўлан уч манба хабар берган.
«Россия фақат хавф остида қолганида музокараларга боради», — деган нашрга украиналик юқори мартабали мулозимлардан бири.


















