Бу, биринчи навбатда, MALE синфидаги йирик дронларга тааллуқлидир. Бу ном «medium altitude, long endurance» — «ўртача баландликда узоқ вақт учувчи» деган маънони англатади.

Бу дронлар Украинадаги уруш контекстида жуда кўп гапирилаётган ва ижтимоий тармоқларда кадрлари улашилаётган кичик тактик дронларга нисбатан эҳтимол камроқ кўзга ташланади. Аммо Лe Буржедаги кўргазмадан айнан ушбу дронлар синфи ҳозирда ҳақиқий ишлаб чиқариш «портлаши»ни бошдан кечираётганини хулоса қилиш мумкин.

MALE дронлари турли ўлчамларда бўлади, лекин уларни бажарадиган вазифалари бирлаштиради.

Бу дронлар, биринчи навбатда, маълумот тўплаш, кузатиш, нишонни белгилаш ва разведка учун мўлжалланган. Бундай қурилмалар кўпинча анча катта бўлади, бу уларга ўзи билан қурол олиб юриш ва ердаги нишонларга зарба бериш имконини беради.

Россиянинг Украинага босқини бошида, шунингдек, Қорабоғдаги ҳарбий можаро пайтида интернетда MALE синфидаги машҳур дронлардан бири, Туркиянинг Bayraktar TB2 дронининг камералари томонидан суратга олинган кўплаб видеолар пайдо бўлди.

Бироқ, бундай қурилмалар ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларидан жуда заиф ҳимояланган ва шунинг учун уларнинг зарба бериш қобилияти ҳаво нишонлари билан фаол курашишга қодир бўлмаган қуролли тузилмаларга қарши кўпроқ қўлланади.

Айнан шу сабаб Украина қуролли кучлари зарбалар беришда TB2 дронидан фойдаланишни тезда тўхтатди ва бу дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳаракати зонасидан ташқарида разведка билан шуғуллана бошлади, чунки бу дронларнинг жиҳозлари узоқ масофадан ҳам кузатиш имконини беради.

Европа (худди Россия каби) бу соҳада ортдан қуваётганлар қаторида эди, аммо эндиликда, Лe Буржедаги янги ишланмалар сонига кўра, қитъа энг камида, бу соҳадаги лидерлар билан тенглашишга тайёрланмоқда.

Тақдим этилган Европа лойиҳаларининг хусусиятлари кўп жиҳатдан ўхшаш бўлса-да, аслида улар бир-бири билан эмас, балки АҚШнинг MQ-9 Reaper дрони билан рақобатлашади. Бу дрон 20 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб чиқарилган MQ-1 Predator дрони асосида яратилган ва Франция, Испания, Буюк Британия, Полша ҳамда Италия қуролли кучларида хизмат қилади.

Бироқ, бундай қурилмаларга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда ва келажакда бозор, катта эҳтимол билан, ҳамма учун етарли бўлади.