3 июл куни президент “Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади. Унда кўрсатилган энг муҳим ўзгаришлардан бири 2024/2025 ўқув йилидан абитуриентлар кириш имтиҳонларида иштирок этиб, кейин йўналиш танлайди. Янги тартибнинг абитуриентга берадиган афзаллиги ҳақида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бўлим бошлиғи Ҳасан Собиров тушунтириш берди.

2019 йилдан бошлаб абитуриентларга бир нечта таълим йўналишларини танлаш имконияти берилганди. Ўтган йилдан эса таълим йўналишларини турли таълим шаклларида (кундузги, кечки каби) танлаш имкони тақдим этилди. Бу ўз самарасини кўрсатиб, билим даражаси юқорироқ бўлган абитуриентларни қамраб олиш имкониятини берди. Эндиликда абитуриентнинг ўқишга кириш имкониятини ошириш учун тест жавоблари чиққандан кейин танлов имконияти тақдим этилади”, – дейди агентлик мутахассиси.

Унинг изоҳича, бунда абитуриентлар танлаган соҳаси бўйича фанлардан имтиҳондан ўтади ва тўплаган балларига қараб таълим йўналишини танлаш имконияти берилади. Яъни ОТМга кириш имконияти оширилади. Дейлик, абитуриент инглиз тили таълим йўналиши бўйича имтиҳон топширди ва унинг тўплаган балли етарли бўлмади. Бундай ҳолатда абитуриент тест топширган фанлари тўғри келадиган ва тўплаган балли етадиган бошқа йўналишда ўқиш имкониятига эга бўлади.

Ҳали бунинг батафсил механизм ва тартиблари ишлаб чиқилади. Квоталар масаласи ҳам бор. Тенг баллилар кўпайиб кетиши мумкин бу вазиятда, лекин қайсидир таълим йўналишида талабалар сони кўпайиб кетмайди”, – деди Собиров.

Яна бир жиҳат абитуриентларга “давлат гранти” ёки “таълим йўналиши” устуворликларидан бирини танлаш ва танлаган устуворлиги бўйича бакалавриат таълим йўналишлари кетма-кетлигида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилиши бўлди. Бу тартиб ўтган ўқув йили синов тариқасида ўтган бўлса, эндиликда ҳар йилги қабулда сақланиб қолади.

Грант устуворлиги танланганда, грантга тавсия этиш учун кетма-кетликдаги 5та танланган жой кўрилади. Агар 5 тасида ҳам грант учун балл етарли бўлмаса, ундан кейин худди шу тартибда тўлов контракти асосида ўқишга тавсия этиш бўйича кўрилади. Яъни чеклов йўқ, фақат устуворликни танлаш имкони берилади. Масалан, абитуриент танлаган биринчи таълим йўналишида контракт асосида талабаликка тавсия этиляпти, иккинчисида эса унинг балли грант учун етарли. Шундай ҳолатда абитуриент грант устуворлигини танлаган бўлса, у иккинчиси ё қолган бошқа йўналишларда грант асосида тавсия этилади