Kun.uz мухбири АҚШга сафари давомида Калифорния университети тиббиёт факультети профессори, асли ўзбекистонлик Шароф Тўғизов билан суҳбатлашди. 90 йиллардаги турғунлик ва илм-фанга эътиборсизлик ортидан АҚШга кетган ёш олим, у ерда ўз фаолиятини қайтадан бошлайди ҳамда бугунга келиб вирусология ва юқумли касалликлар соҳаси бўйича биология фанлари доктори, профессор даражасига етган. Шароф Тўғизов, шунингдек, шифокор – вирусолог, генно-инженер олим бўлиб, университетнинг Сан-Францискодаги бўлимида ишлайди. Ўнлаб халқаро конференцияларда чиқиш қилган, шунингдек кўплаб илмий ишлар муаллифи ҳисобланади.
— Шароф ака, аввало АҚШга келишингиз, бу ерда илмий фаолиятингиз ва қандай профессорликка даражасига қандай эришганингиз ҳақида айтиб берсангиз?
— Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилганман. Олий таълимни ҳам Ўзбекистонда тамомлаганман. 1981 йилда аспирантурани ўқиш учун Москвага кетганман ва ўша ерда докторантурани ҳам ўқидим.
1991 йилда Москвада вирусология бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўша пайтда гепатит Б бўйича тадқиқот олиб бораётган эдик. Мени Германия ва Америкага таклиф қилишди. Калифорния университетидан борган профессор мени алоҳида таклиф билдирди. Ўзи ўша 1991 йилда Совет иттифоқидаги кўплаб олимлар бошқа жойларга кетаётган эди. Мен ҳам расмий таклиф бўлгач ўша конференциядан 6 ой ўтиб Калифорнияга келдим. Иттифоқ тарқагач, биз изланиш қилаётган ишга пул ажратилмай қўйди, ишлар тўхтади, кейин мен ҳам Америкада қолдим.
Америкага келганимда докторлик даражам бор эди. Лекин бу ерда карьерани қайта бошлашга тўғри келди деярли, чунки бу ерда тизим бошқача.
— Университет ва бу ердаги фаолиятингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Калифорния университети анча катта. 10 та шаҳарда филиал-бўлимлари мавжуд. Сан-Францискодаги бизнинг бўлим фақат тиббиётга ихтисослашган. Бу ерда шифокорлар тайёрлашдан ташқари илмий изланишлар ҳам олиб борилади, бу борада дунёда машҳур. Умумий Калифорния университетида 150 минг атрофида ўқитувчи-ходимлар ишлайди, бизнинг бўлимда эса 27 минг нафар ходим бор. Ўзим вирусология бўйича касаллик чақирувчи вирусларнинг қандай ишлаши, функцияларини ўрганаман. Лабораторияда қўл остимда 5-6 та ходим ишлайди, грантлар кўпайганда 15 тагача ходимим бўлади. Бу ерда фақат ўқитувчилик бўлмайди, илмий изланишлар олиб бориш керак, бўлмаса университет ушлаб турмайди.
— Калифорния университетига талабаларни қабул қилиш тартиби қандай? Тўловлар-чи?
— Бу ерда ўқиш тўлиқ пулли ва жуда қиммат. Агар талаба иқтидорли, билимли бўлса, давлат грантлари, махсус дастурлари бор. Тиббиёт йўналишидаги талабаларнинг тўлов контракти миқдори соҳасига қараб 30-50 минг доллар оралиғида бўлади.
















