Тошкентда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги давом этмоқда. Ҳафталикнинг 7 июл кунги дастурида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам иштирок этди. Kun.uz мухбири тадбир доирасида вазирга айрим саволлар билан мурожаат қилди.
Ўтган ойда “Газпром” билан имзоланган шартномага асосан, Ўзбекистон 1 октябрдан бошлаб Россиядан кунига 9 млн кубометр ҳажмда табиий газ импорт қила бошлайди. Мухбир энергетика вазиридан бу келишув бўйича газ қанча нархда сотиб олинаётгани ҳақида сўради.
“Нарх изоҳини бердик, миллий манфаатларимиз ва бозор конюнктурасидан келиб чиққан ҳолда нарх келишилди. Нархни ошкор қилолмаймиз, чунки бу – икки томонлама шартнома. Буни тушунтирганмиз. Умуман, шу йўналишдаги шартномаларни қарасангиз, бирор шартномада [нарх] очиқланмайди, лекин шуни айтишим мумкинки, миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда рақобатбардош нархга келишилди”, – деди Мирзамаҳмудов.
Энергетика вазирлигининг 19 июндаги расмий ахборотида, “Газпром” билан келишувни тузишда, табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган.
Жўрабек Мирзамаҳмудов бу баёнотда таъкидлаб ўтилган “республикадаги нархларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш” масаласига ҳам муносабат билдирди.
“Нарх бўйича ислоҳот қилмас эканмиз, эътибор берсангиз, генерация ва тақсимот линиялари, етказиб бериш бўйича ишлаяпмиз, лекин истеъмол жиҳатдан, энергия самарадорлиги жиҳатдан нархларни мувофиқлаштирмас эканмиз, биринчи ўринда, инвесторлар келмайди. Инвесторлар нега келади? Уларга тариф керак. Иккинчидан, истеъмол самарадорлигини оширишимиз керак. Шунинг учун албатта бу бўйича ишлаяпмиз, таклиф киритяпмиз”, – деди у.
Бозор нархлари асосидаги тарифларга ўтиш шу йил рўй беришими мумкинми, деган мазмундаги саволга Мирзамаҳмудов: “Муҳокама кетяпти. Бизга қанча тез бўлса, шунча яхши, албатта”, дея жавоб берди.
Энергетика вазирлиги раҳбари сўнгги вақтларда қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш бўйича лойиҳалар Хитой компанияларига тендерсиз берилаётгани, бу кейинчалик муайян сиёсий оқибатлар яратиши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.






