20 июн куни ижтимоий тармоқларда Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановга тегишли экани айтилган аудио тарқалган, унда солиқ тушумларини бажармаган маҳалла раислари куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилинганди. Тахминларга кўра, аудио 31 май куни ўтказилган йиғилишда ёзиб олинган.
Аудиода прокурор Соатмурод Маҳманов Бандихон туманидаги эркаг-у аёл маҳалла раисларини бирдай ҳақоратлаганди. Хусусан, аудио давомида унинг «Эркакмисан сен ҳам? Хотинчалиш, итдан тарқалган экансан-да, бўлмаса одамнинг ишини қилардинг-да. Бор, бориб итга ўхшаб вовулла кўчада», деганини, «Ўлсанг, бугун кўмар эдик», «Итдан тарқаганмисан, одамдан тарқаганмисан?» ва бошқа куракда турмайдиган сўзлар билан сўкинганини эшитиш мумкин.
Шундан сўнг вилоят прокуратураси баёнот бериб, тарқатилган аудиоёзувлар ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилганди.

Сўконғич прокурорнинг аудиоси тарқалганига қарийб бир ой бўлаётганига қарамай унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани, башарти хизмат текшируви тайинланган бўлса, натижалари жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ. Ҳолбуки Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ўша пайтда ўрганиш натижалари ҳақида тез орада маълумот беришини айтганди.
12 июл куни «Муштум» журнали Telegram-каналида Бош прокуратурага мурожаатнома эълон қилинди. Унда орадан 20 кундан зиёд вақт ўтган бўлса ҳам Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановга тегишли экани айтилган аудио юзасидан прокуратура томонидан расмий муносабат билдирилмагани таъкидланиб, Бош прокуратурадан бунга изоҳ берилиши сўралган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг «Муштум» журнали таҳририятига маълум қилишича, Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Бандихон туман прокурорининг хатти-ҳаракатлари юзасидан ўтказилган текшириш натижасига кўра, Соатмурод Маҳмановга нисбатан интизомий жазо қўлланган.



















