Охирги йилларда илмий иш қилаётган, олимлик рутбасини олган тадқиқотчилар сони кескин кўпайган. Давлат ривожи учун уларнинг кўпайгани яхши, чунки тадқиқот ишлари натижасида илмий ечимлар берилади. Лекин обрў-эътибор, қўшимча даромад учун хўжакўрсинга илмий изланиш олиб бораётганлар ҳам анчагина. Kun.uzʼнинг навбатдаги суҳбатида худди шу мавзуда сўз боради ва унда қатнашганлар фикрича, ҳозирги тадқиқотчиларнинг илмий янгилиги диссертацияларда қолиб кетмоқда.

Илмий даража бу шахсларга бериладиган расмий унвон ёки таржимаи ҳолни бойитувчи маълумот эмас. Илмий даража соҳибларининг сони ортиши эса давлатда илмий салоҳият юксалаётганини исботлаши керак. Бироқ Ўзбекистонда бу жараён формаллашиб бормоқда ва асосий мақсад қўшимча обрў-эътибор, даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

Kun.uz билан суҳбатлашганлардан бири, Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлари доктори Умид Холиқулов фикрича, тадқиқотчилар илмий унвон олгач ўқитувчилик билан чекланиб қоляпти ва илмий янгилигини амалда жорий қилмаяпти. Устига-устак ўқитувчиликнинг ҳам қатор топшириқлари сабаб диссертациядаги изланишлар қоғозда қолиб кетмоқда. Ўзим илмий иш қилиш учун 10 йил умримни сарфлаганман, дейди у.

Асосий муаммо вақтда эмас, ҳақиқий тадқиқотни олиб бориш керак. Яъни маълумотларни тўғри танлаш, уларни қайта ишлаш, уни тажрибада синаб кўришга вақтни тўғри тақсимлаш керак. Агар шу жараёнлар тўғри йўлга қўйилса, илмий янгиликнинг ҳаётга жорий қилиниши автоматик равишда амалга ошиб кетаверади”, дейди Холиқулов.

Дунёнинг қатор ривожланган давлатларида илмий жараёнларни университетларнинг ўзи олиб боради. Ўзбекистонда Олий аттестация комиссияси буни тартибга солади, квоталарни вазирлик белгилайди. Шу ўринда комиссиянинг вазифалари бугун қанчалик керак, деган савол ўринли.

Президентнинг илмий жараёнларни тартибга солишга мўлжалланган янги фармони билан илмий кенгашлар мустақиллиги кенгаймоқда, дейди комиссия матбуот котиби Баҳодир Жовлиев.

“Олий аттестация комиссиясининг бугунги кундаги фаолияти у диссертацияга ва илмий унвонларга қўйилаётган талабларнинг ягоналигини ва уларнинг бир хилда бутун Ўзбекистон миқёсида қилинишини таъминлашдан иборат”, - дейди у.  

Хўш, бугунги илмий тадқиқотчиларнинг мотивацияси нималар иборат: илм-фанга ҳисса қўшишми, даромадми ёки обрў-эътибор?

Профессор Холиқулов фикрича, учала турдаги тадқиқотчилар ҳам бугун кўп. ОАВ вакилларига кўра эса, очиқ ҳимоя жараёнларидан ҳамма ҳам силлиқ ўтолмайди.