10:42 / 14.07.2023
6909

БМТ: Суданда оммавий қабр топилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тезкор ҳаракат кучларининг камида 87 кишининг ўлимига ва оммавий қабр яратишга алоқадорлиги ҳақида ишончли маълумотларга эга.

Фото: Getty Images

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотларига кўра, Суданнинг Ғарбий Дарфур минтақасидаги оммавий қабрдан камида 87 кишининг жасади топилган. 13 июль, пайшанба куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Туркнинг айтишича, одамларнинг ўлими ва оммавий қабр яратилиши учун Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) масъул эканлиги ҳақида ишончли маълумотлар бор.

Унинг сўзларига кўра, минтақа аҳолиси ўлганларнинг жасадларини йўқ қилишга мажбурланган. Жасадлар қабристонлардан бирига муносиб кўмилиш ўрнига Эл-Женейна шаҳри яқинидаги очиқ майдонга дафн қилинган, деб хабар бермоқда Reuters. 

Мамлакатнинг амалдаги президенти бўлган, Ўтиш давридаги суверен кенгаш раҳбари Абдул Фаттоҳ ал-Бурхон бошчилигидаги Судан армияси ва RSF ўртасидаги жанглар 15 апрелдан бери давом этмоқда. Томонлар бир неча бор сулҳ эълон қилган, бироқ унга риоя этмаган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, Судандаги можаро камида 1800 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва минглаб одамлар яраланган. 350 000 га яқин суданлик мамлакатни тарк этди, бир миллионга яқин киши эса ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. БМТ Шарқий Африкада ҳуманитар инқироз юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантирди. 

Top