Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимидаги чиқишида мухолифат масаласига ҳам тўхталганди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов конструктив мухолифат ҳамда унинг мамлакат ривожидаги роли ҳақида фикр юритди.

Янги сайланган Президент Мирзиёев 14 июл куни қасамёд қабул қилди. Қасамёд қабул қилиш – Конституциявий талаб. Бу билан Шавкат Мирзиёев президентлик ваколатларига расман киришди.

Президент Мирзиёевнинг ушбу маросимдаги нутқи муҳим ғоялар ва лойиҳаларга бой бўлди. Муҳим қадриятларга урғу қаратилди. Давлат мулозимлари ва институтлар олдига муҳим вазифалар қўйилди.

Лекин Ўзбекистон жамоатчилиги нигоҳида битта фикр кучли акс садо берди. Бу – президентнинг мухолифат ҳақида айтган гаплари бўлди. Мирзиёев «кейинги йилларда конструктив мухолифат фаолияти кафолатланиши»ни айтди ва бу фикрни икки бор такрорлади. Бу орқали бу фикр қанчалик муҳим вазифа экани ҳам урғуланди.

Хўш, конструктив мухолифат нима ва умуман, мухолифатнинг қандай турлари бўлади?

Сиёсатшуносликда мухолифатнинг турлари яхши ўрганилган. Мухолифат энг аввало, тизимга доир, яъни тизимни тан олувчи ва тизимдан ташқари – тизимни инкор қилувчи таснифларга бўлинади.

Мисол учун, Ўзбекистон Конституциясига кўра, ҳуқуқий-демократик, дунёвий давлат. Агар бирор сиёсий куч, гуруҳ, партия ёки уюшма мана шу қадриятларни инкор қилиб, «йўқ, биз демократик дунёвий давлатчиликни инкор қиламиз» деса, бу аксил-тизим, яъни конституцион тизимни инкор қилувчи мухолифат бўлади. Конституцион қадриятларни тан олса, табиийки, тизим доирасидаги мухолифат бўлади.

Энди, мухолиф куч парламент ичида бўлиши мумкин, ёки парламентдан ташқарида. Мисол учун, янги ташкил этилган мухолифат ёки сайловларда парламентга етарлича ўрин ололмай қолган бўлса – парламентдан ташқари мухолифат дейилади. Агар етарлича ўрин олиб, парламентда ўз фракциясига эга бўлса – бу парламент мухолифати дейилади.

Шунингдек, мухолифатни «конструктив» ва «деструктив»га ҳам ажратишади. Конструктив – бу «яратувчан», «тузувчи», «бунёдкор», «қурувчи» деган маъноларни беради. Айнан шу сўздан «конструктор» сўзи олинган. Яъни агар бирор мухолиф куч ёки шахс давлат, миллат, имкониятлар ва манфаатларни яратувчи деб баҳоланса, унга нисбатан конструктив дейишлари мумкин. Агар мухолифатнинг фаолияти фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиряпти, деб қабул қилишса, унга унга нисбатан «деструктив» атамаси ишлатилади.