15 июл куни Ўзбекистон бўйлаб президент мактабларига қабул имтиҳонларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Бу босқич математика бўйича 30 та тест топшириғидан иборат.

Имтиҳонлар кун давомида учта сменада – 08:00, 12:00 ва 17:00 да ташкил этилди. Ижтимоий тармоқларда, 1-сменада фойдаланилган тест топшириқлари 2-сменада ҳам айнан такрорлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Таълим эксперти Комил Жалиловнинг ёзишича, тестларнинг такрорлангани натижасида ўқувчиларни президент мактабларига тайёрлаш билан шуғулланадиган марказлар 1-сменадан чиққан ўқувчилардан тестлар ҳақидаги маълумотларни йиғиб олиб, 2-сменада кирадиган ўқувчиларига ёдлатгани иддао қилинмоқда.

15 июл куни туш вақтидан бошлаб айрим Telegram-каналларда шу кунги 1-смена имтиҳонида тушгани айтилган тестлар тарқалди. Комил Жалилов расмийлардан бу иддаоларга аниқлик киритишни сўради.

“Президент мактаби тайёрлов” каналига 15 июл куни жойланган, шу кунги имтиҳоннинг 1-сменасида тушгани даъво қилинаётган саволлар
“Президент мактаби тайёрлов” каналига 15 июл куни соат 12:52 да жойланган сурат

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги интернетдаги бу гап-сўзларни рад этди.

“Турли ижтимоий тармоқларнинг “1-смена саволлари 2- ва 3-сменада ҳам такрорланган” дея хавотир билан билдираётган фикр-мулоҳазалари асоссиз.

Ҳурматли ота-оналар, шуни маълум қиламизки, барча имтиҳон саволлари ҳар йилгидек Cambridge Аssesment International Education халқаро ташкилоти томонидан Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида қўлланадиган ўқув дастурлари асосида тайёрланди.

Талабгорлар сонидан келиб чиқиб мазкур биринчи босқич имтиҳонлари 3 сменада 3 хил вариантда ташкил қилинган. Cambridge Аssesment International Education халқаро ташкилоти ҳар йили имтиҳон саволларини захираси билан тақдим этади.