Лойиҳа нодавлат ташкилотлари томонидан ташқи манбалардан пул маблағи олиш ҳамда грант лойиҳаларини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш ва соддалаштиришни назарда тутади.

Лойиҳа билан Ҳукуматнинг 2 та қарори битта ҳужжатга бирлаштирилмоқда. Лойиҳа қуйидаги талабларни бекор қилишни кўзда тутади:

  • нодавлат ташкилотларининг грант лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Ташқи ишлар вазирлигининг хулосасини олиш;
  • грант лойиҳасини амалга оширишга бириктирилган миллий ҳамкор томонидан лойиҳага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда унинг муддатини белгилаш юзасидан таклифлар ва тавсиялар бериш;
  • қиймати БҲМнинг 2 000 бараваригача бўлган грант лойиҳаси “йўл харитаси”ни миллий ҳамкор билан биргаликда тасдиқлаш;
  • қиймати БҲМнинг 2 000 баравари ва ундан юқори бўлган грант лойиҳаси “йўл харитаси”ни Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш;
  • грант лойиҳаси “йўл харитаси” ижросига бағишланган йиғилишлар ўтказиш, грант лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарорларни Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш;
  • грант лойиҳаси “йўл харитаси” ижроси якуни бўйича умумлаштирилган маълумотни Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
  • Адлия вазирлиги томонидан миллий ҳамкордан “йўл хариталари”нинг ижроси бўйича жорий ва якуний маълумотни сўраб олиш;
  • давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида имзоланадиган меморандумлар лойиҳаларини Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига кўриб чиқиш учун киритиш.

Лойиҳада қуйидаги янги қоидалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда:

  • биринчидан, пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатини кенгайтириш;
  • иккинчидан, давлат органларини фақат умумий қиймати БҲМнинг 1 000 баравари (330 млн. сўм) ва ундан юқори бўлган лойиҳаларга бириктириш;
  • учинчидан, нодавлат ташкилотлари томонидан халқаро грант лойиҳаларини амалга ошириш якунлари бўйича лойиҳа натижаси тўғрисидаги маълумотларни www.e-ngo.uz порталига жойлаштириш;
  • тўртинчидан, нодавлат ташкилотининг грант лойиҳасида ҳамкор сифатида иштирок этувчи давлат ташкилотини ўзгартириш тартибини аниқ белгилаш.