«Қора денгиз ташаббуси» 18 июлдан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатади, Украина ғалласи юкланган кемаларни текширувчи Истанбулдаги қўшма мувофиқлаштириш маркази тарқатиб юборилади», дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Россия шунингдек, кемалар ҳаракати хавфсизлиги кафолатларини бекор қилди ва Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисмидаги денгиз ҳуманитар йўлагини ёпишни режалаштирмоқда.
Кремл аввалроқ, Украина озиқ-овқат маҳсулотларини Қора денгиз портлари орқали экспорт қилиш имконини берувчи ғалла келишувни кўриб чиқиш учун музокаралар столига Москва талаблари қондирилсагина қайтишини маълум қилган эди.
«Қора денгиз келишувининг Россияга тегишли қисми бандлари бажарилиши биланоқ, Россия дарҳол ушбу келишувни амалга оширишга қайтади», деган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Унинг сўзларига кўра, ғалла битими бўйича позиция Москва томонидан Қрим кўпригига ҳужум содир бўлишидан олдин эълон қилинган ва 17 июлга ўтар кечаси содир бўлган воқеаларнинг шартнома фаолияти тугатилишига боғлиқлиги йўқ.
Россия ҳукумати ҳақиқатан ҳам узоқ вақтдан бери 2022 йилнинг 22 июлида келишилган «Қора денгиз ғалла ташаббуси»дан чиқиш билан таҳдид қилиб, келишув шартлари бўйича Россияга берилган ваъдалар бажарилмаётганини таъкидлаб келади.
Туркия, Украина расмийлари ва БМТ вакиллари битимни сақлаб қолиш учун чиқиш қилди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 17 июл куни Путинда ҳали ҳам келишувни узайтириш истаги бор деб ҳисоблашини айтди.
«Бугунги баёнотга қарамай, менимча дўстим... Путин бу ҳуманитар коридор (фаолияти) давом этишини хоҳлайди», дея Эрдўғаннинг сўзларини келтирган Reuters нашри.
Европа Иттифоқидагилар вазиятга юқори оптимизм қарагани йўқ. Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Москванинг ғалла келишувидан чиқиш қарорини қоралади ва буни «циник қадам» деб атади. Унинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи Украина озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказиб бериш устида ишлашда давом этади.
Ғалла шартномаси доирасидаги охирги кема Одесса портидан 16 июл куни эрталаб йўлга чиқди. Россия июн ойи охирида бу кеманинг Қора денгиз орқали ўтишига рози бўлганди ва шундан кейин Москва бошқа кемалар ўтишига рухсат бермади.
Украина ҳукумати келишув шартларига кўра, дон ташувчи кемаларни текшириши керак бўлган Россия инспекторлари ғалла йўлаги фаолиятига халақит бериш учун текширувни атайин кечиктириши, мунтазам равишда регламентда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиши ва бошқа асоссиз сабабларни излаши устидан бир неча бор шикоят қилган.





















