
Пойтахтнинг Юнусобод тумани Шайх Шиблий маҳалласи аҳолисининг тармоқларда тарқалган видеомурожаатида 70 йил давомида юқумли касалликларга қарши вакцина ва зардоблар ишлаб чиқарилган илмий-тадқиқот институти ўрнида кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилиши бошлангани, бу ҳудудда эмдорилар синаб кўрилган ҳайвонларнинг жасади кўмилгани, айрим инфекция қўзғатувчи споралар ўлмаслиги ва 100 йилгача сақланиб қолиши, шу сабабдан ҳам ҳудудни ковлаш мумкин эмаслиги айтилганди.

Таъкидлаш керакки, мазкур масала жамоатчилик ўртасида резонансга сабаб бўлди. Шундан сўнг мутахассис-экспертлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, улар томонидан Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтининг ҳудуди ўрганилган. Ўрганиш давомида Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудидан ўта хавфли юқумли инфекциялар қўзғатувчиларининг мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида лаборатория текшируви ўтказиш учун намуналар олиниб, текширув натижалари эълон қилинганди.
Бироқ бу текширувларда аҳоли бевосита иштирок этмагани тўғрисида эътирозлар бўлганидан сўнг 30 май санасида аҳоли ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Беккери ўраси” деб тахмин қилинган 6 та нуқтадан 15 та намуналар олинганди.
“Олинган намуналар Санэпидқўмитанинг ўта хавфли юқумли касалликлар лабораторияси ва унинг Тошкент шаҳар бошқармаси лабораторияларида ҳамда бир вақтнинг ўзида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси лабораторияларида таҳлил қилинди.








