Эндигина 3-синфни битираётган Эъзоза йўл-ҳаракати қоидасини бузмаган ҳолда пиёдалар учун белгиланган махсус йўлакдан йўлни кесиб ўтаётганда уни машина уриб юборади. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса шу йилнинг май ойида пойтахтнинг Учтепа тумани Лутфий кўчасида содир бўлган.

“Матиз” русумли автоулов ҳайдовчиси ЙТҲ сабабини тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган пиёдани кўрмай қолгани билан изоҳлаган. Ҳодиса кузатув камераларига тушиб қолган. Тасвирларда “Матиз” пиёдалар учун белгиланган йўлакчадан кенглиги 28 метр бўлган кўчанинг ярмигача бориб улгурган қизчани катта тезликда келиб уриб юборгани акс этган.

Одам ўлими билан боғлиқ ЙТҲ рўй берган пиёдалар йўлаги ва қоидабузар ҳайдовчи Фото: UzReport

Бироқ ҳайдовчи ЙПХ ходимлари билан суҳбатда 8 яшар қизчани уриб юборган пайтда соатига 60 километрдан сал юқорироқ тезликда ҳаракатланиб келганини айтиб, айбни зиммасидан соқит қилишга уринади.

“Йўлнинг нариги томонидан югуриб ўтиб қолди. Тўхташга улгурмадим, тормозни босганимни биламан, бориб урдим. Қизча зарб кучидан учиб кетди”, дейди қоидабузар ҳайдовчи.

8 яшар қизчани уриб юборганган “Матиз” Фото: UzReport

Энг қизиғи, ҳодиса содир бўлган вақтда йўлнинг қатнов қисмида “Матиз”дан бошқа автоулов бўлмаган. Яъни ҳайдовчининг таъбири билан айтганда, унинг пиёдани кўрмай қолишига сабаб бўладиган ҳеч бир омил мавжуд бўлмаган.

“Кичкина одамни эмас, катта одамни уриб юборгандай пачақ бўлган-ку машина. Саккиз ёшли бола, у мурғаккина гўдак бўлади-ку ҳали. Тез юришнинг оқибатида бўлади бунақа ҳалокатлар. Белгиланган жой бўлса, йўл белгилари кўриниб турган бўлса, пиёдалар ўтиш жойи бўлса, қандай кўрмай қолиш мумкин?” дейди одам ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига куйинчалик билан ЙПХ инспектори.

Фото: UzReport