«Украина қўшинлари икки ойдан бери Россиянинг «Суровикин чизиғи» деб аталувчи жуда мустаҳкам мудофаа позицияларини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда», деб ёзади Уотлинг Британиянинг Observer газетасида чоп этилган «Ғарб Украина қўшинларини тайёрлашга эътибор қаратиши керак, акс ҳолда биз тўлов қилишимизга тўғри келади» дея номланган мақоласида.

Қуйида ушбу мақоланинг асосий тезислари.

Техника ва қуроллар

Муваффақиятли қарши ҳужум операцияларини ўтказиш учун украиналикларга нималар кераклиги Ғарб пойтахтларига 2022 йил ёзидаёқ маълум бўлганди — булар артиллерия, муҳандислик жиҳозлари, тактик ҳаво мудофааси, кўчиб юрувчи мудофаа воситалари (пиёдалар машинаси ва бошқалар) ва ходимларни тайёрлаш.

Украиналиклар қурол, снаряд ва зирҳли транспорт воситаларини етарли миқдорда олди. Муҳандислик ва тактик ҳаво мудофааси техникалари эса камроқ ҳажмда етказиб берилди.

Бироқ, 2022 йил сентябр ойидаёқ Украина қуролли кучларига зирҳли транспорт воситалари кераклиги маълум бўлганига қарамай, уларни етказиб бериш тўғрисидаги қарор фақатгина 2023 йил январ ойида қабул қилинди ва ҳозирча қисман бажарилди.

Бундесвер ўқув базасидаги украин ҳарбийлари

Бир неча ойлик кечикиш рус қўшинларига мудофаа чизиғини қуриш учун вақт берди, бу эса украиналикларнинг вазифасини анча қийинлаштирди. Украина кучлари турли тайёргарлик ҳолатида бўлган Ғарб тизимларини ўзлаштириш ва ўз ҳарбийларини жуда мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга тайёрлаш учун икки ойлик муддатга эга бўлди.

Шахсий таркиб тайёрлови

Уотлингнинг сўзларига кўра, яна бир муаммо шуки, машғулотларнинг катта қисми яхши ўйлаб чиқилмаган.

Украина ҳамкорлари украиналик аскарларни якка тартибда тайёрлашни афзал кўраётгани сабабли, шахсий таркибни ўқитиш аста-секин бормоқда.

«Ғарб танклар ва пиёдалар жанговар машиналарини Украинага топшириш ҳақидаги қарор қабул қилингандан сўнг, силжиш содир бўлди — украиналиклар эндиликда бўлинма-бўлинма тарзида ўқитилмоқда», дейди Уотлинг.