Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги Қушчи маҳалласида номаълум махлуқ бир ойдирки аҳоли чорвасига зиён етказмоқда. Асосан бузоқларни елка қисмидан ғажиб кетаётган йиртқични кўрганлар у итга ўхшашини, аммо на ит ва на бўри эканлигини таъкидлаяпти. Аҳоли қишлоққа тобора яқинлашаётган йиртқич одамларга ҳам ташланиб қолишидан хавотирда. Масъуллар эса ҳозирча масалага эътибор қаратишмаган.
Номаълум йиртқич чегара ёнида жойлашган қишлоққа қўшни Тожикистондаги тоғли ҳудуддан тушиб келган, дея тахмин қилинмоқда. У ўтган бир ой мобайнида ўнга яқин бузоқни бир хил услубда – елка қисмидан бўғизлаб кетган.


Асосан ярим тунда ҳужумга ўтаётган номаълум махлуқни тасодифан кўриб қолганлар бор. Қишлоқда яшовчи фуқаролардан бири уни ҳатто машина ичидан ғира-шира суратга олишга ҳам улгурган. Одамларнинг тасвирлашича, йиртқич катта итга ўхшайди, бироқ ит ҳам, бўри ҳам, шоқол ҳам эмас. Сабаби, бўри чорвани асосан бўйин қисмидан бўғизлайди, шоқол эса бузоққа ҳамла қилолмайди.

Маҳалла эркаклари тўда бўлишиб, кечқурунлари бир неча бор махлуқни излаб кўришган. Қидирув ишларига овчилар ҳам жалб этилган. Бироқ уларнинг номаълум ҳайвонни тутиш борасидаги ҳаракатлари самарасиз бўляпти.
“Ғалати воқеалар бўляпти маҳалламизда: номаълум махлуқ келиб, бузоқларга зарар етказяпти. Бузоқни йиқитиб, қонини ичади, елкасини ейди. Шу билан йўқ, тополмаяпмиз. Кечқурун соат 1-4 орасида бўляпти бу нарсалар. Кўрганлар итга ўхшайди деяпти, фақат бўйни узунроқ, қулоғи калта ва тик экан.
Махлуқ асосан 1 ёшгача бўлган бузоқларнинг елкасидан оляпти. Аввалига қонини ичади, кейин гўштини ейди. Елкасидан 2-3 кг гўштни егач бузоқ ётиб қоляпти. Эгаси нима қилишини билмай, сўйиб кўмиб ташлашга мажбур бўляпти”, дейди маҳалла фаоли Ойбек Абдураҳимов.




















