Стрелков қўлга олингани ҳақида аввалига РБК нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди. Кейинроқ Стрелковнинг 800 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган Telegram-каналида унинг қўлга олингани ҳақида хотини Мирослава Регинскаянинг баёноти чиқди. Аёлнинг сўзларига кўра, эрини номаълум томонга олиб кетишган, бу вақтда у уйда бўлмаган.

Кечга яқин Стрелков қўлга олингани ва экстремизмда айбланаётгани расман тасдиқланди. Мешчанский суди сайтида бу борада икки энлик хабар берилди. Стрелков Россия жиноят кодексининг 280-модда 2-қисмида кўрсатилган интернет орқали экстремизмга чорлаш жиноятини содир этгани исботланса, 5 йилгача қамалиши мумкин.

Стрелковга нисбатан бунгача ҳам суд ҳукми чиққанини унутмаслик керак. 2022 йил ноябр ойида Ҳаага суди Малайзиянинг «Боинг» самолётини уриб туширишда Стрелковни айбдор деб топиб, уни бир умр қамоқ жазосига ҳукм қилган.

«Давлат одами»

Ҳаага суди бир умрлик қамоқ ҳукмини чиқарганда Стрелковни ҳеч ким ҳимоя қилмаганди. Москвадаги судда эса унинг ҳимоясига адвокат Александр Молохов ҳозир бўлди. Бу адвокат ўз вақтида «МММ» иқтисодий пирамидаси асосчиси Сергей Мавродани, миллатчи Даниил Константиновни, мудофаа вазирлиги мансабдори Евгения Василевани, миллиардер Олег Дерипасканинг хуштори экани айтилган эскорт хизмати вакили Настя Рибкани, «Яблоко» партияси етакчиси Сергей Митрохин ва ҳатто қамоқда ўлиб кетган аудитор Сергей Магнитскийни ҳимоя қилган. Адвокат Молохов 2014 йилда «Яблоко» партиясидан Москва шаҳар думасига сайланиш учун номзод ҳам бўлган.

Бу гал машҳур адвокатда ўз мижозини ўрганиш учун кўп вақт бўлмади ва улар суд залидагина учрашишди. Соат 17:00 атрофида Стрелковни суд залига олиб бориб, «қафас»га тиқишди. Унинг ёнида юзига ниқоб тутган ФСБ зобити турганди. Стрелков ОАВ вакиллари билан гаплашишдан бош тортди.

Игор Гиркин (Стрелков)га Мешчанский судида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.
Фото: SERGEI BOBYLEV/TASS

«Гиркин машҳур одам, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан алоқалари бор», деди ФСБ терговчиси уни қўлга олиш зарур бўлганини таъкидлар экан. Терговчининг сўзларига кўра, Стрелков тезкор-қидирув ишлари олиб борадиган бўлинмада хизмат қилган ва озодликка чиқса, осонгина яширина олади.

«Игор Иванович тизимга бегона эмаслиги унинг фойдасига хизмат қилиши керак. Ахир у давлат одами. Мижозим айбини тан олмайди, яшириниш ёки терговдан ниманидир беркитишни мақсад қилмаган», деди адвокат. У ФСБ келтирган аргументларни асоссиз деб атаган.