Хусусан, Bloomberg агентлиги аноним қолишни сўраган америкалик мулозимга таянган ҳолда, Украина жанубда юриш ҳаракатларини фаоллаштиргани, шу билан бирга умуман қарши ҳужум жадал тус ола бошлаганини ёзди.
New York Times Пентагондаги икки манбага асосланиб, Украина қўмондонлиги Вашингтонни асосий зарба йўналишида – Запорижжя областида Орихив шаҳридан жанубда қарши ҳужумнинг янги босқичи бошланганидан хабардор қилганини хабар қилди.
Манбаларнинг сўзларига кўра, Украина ҚК қарши ҳужум учун махсус тайёрланган ва шу вақтгача захирада ушлаб турилган янги тузилмаларининг бир қисмини жангга ташлаган.
Қарши ҳужумнинг янги босқичи бошлангани ҳақида Америка урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳам ёзган. Институт мутахассислари ҳисоблашича, украин қўшини Россия мудофаасининг биринчи чизиғини бузишга муваффақ бўлган бўлиши мумкин.
Шу вақтга қадар украин армияси фронтнинг бир неча участкаларида юриш амалиётлари ўтказмоқда, кузатувчилар буни Россия мудофаасидаги заиф жойларни қидириш ёки душман захираларини асосий зарбадан узоқлаштиришга қаратилган алдамчи манёврлар сифатида талқин қилишган.
Барча йўналишларда украин армиясининг ҳаракати секин кечган, буни Украина қўмондонлиги ҳам тан олган. Украина қуролли кучларига зич миналанган майдонлар ва ҳаво кенгликлари ёпилмагани тўсқинлик қилди.
Запорижжядаги зарба
26 июл куни Украина ҚК Запорижжя области ғарбида механизациялашган қарши ҳужум амалиётини бошлади ва афтидан, Россиянинг Орихивдан жанубдаги алоҳида тайёрланган мудофаа позицияларини енгиб ўтишга муваффақ бўлди, дея қайд этган ISW таҳлилчилари.
Украина Бош штабининг жанубдаги вазият бўйича пайшанба куни тонгда берган ҳисоботида Украина мудофаа кучлари ҳужум амалиётларини давом эттираётгани ва эришилган марраларда мустаҳкам ўрнашаётгани ҳақида камтаргина хабар қилинган.
Россиялик ҳарбий мухбирларга кўра, украинлар Орихивдан 10 км жанубдаги Работине қишлоғининг шимоли-шарқидаги мудофаа чизиғини ёриб ўтган. Тарқалган видеоёзувларга кўра, украин қўшини Работине қишлоғидан 2,5 км шарқдаги нуқтага етиб келган, кейин Россия қўшини эластик мудофаанинг стандарт тактикасини қўллаган ва украинлар чекинган, аммо ўзининг бошланғич позицияларига қайтиб келмаган.
Украина асосий зарбани Орихий йўналишида беришга қарор қилганини бошқа бир қанча манбалар ҳам билвосита тасдиқлайди: New York Times мухбири Карлотта Голл чоршанба куни бу ҳудудда Украинанинг Ғарбда ўқитилган янги тузилмаларини учратганини айтган.




















