Бугун «cовет иттифоқи» дейилганда кўпчилик ёвуз бир салтанатни эслайди. Чунки бу давлат иккинчи жаҳон урушида 20 миллиондан ошиқ қурбон бергани етмагандай, ёвуз бошқарув туфайли ўзининг 20 миллиондан ортиқ аҳолисини қатағон қилган.

Қатағонларнинг асосий қисми мамлакатни 31 йил бошқарган Иосиф Сталин даврида содир этилган. Агар тарихга назар ташланса, ўша қатағонлар тасодифан бўлмаган, ёвуз тузум унга анча аввалдан тайёргарлик кўрганди. Сталин СССРни қамоқхоналар мамлакатига айлантиришни 1920-йилларнинг иккинчи ярмида бошлаган эди.

Сталин давридаги энг йирик қатағон 1937 йил 31 июлдан 1938 йил ноябр ойигача ўтказилган ва шу даврда қарийб 2 млн одам ҳибсга олинган. Уларнинг қарийб ярми ўлим жазосига ҳукм қилинган. Қолганлари узоқ йилларга қамалиб, ГУЛаг қамоқхона лагерларида ўлиб кетган. Тарихда советларнинг бу қатағони «Катта террор» деб номланади.

«Катта террор»нинг асосчиси ва ижрочиси бўлган Николай Ежов Сталин билан бирга

Қатағон ҳақидаги қарор ва «Тройка»

1937 йил 30 июл куни СССР Ички ишлар халқ комиссари Николай Ежов (НКВД раҳбари) «Собиқ қулоқ қилинганлар, жиноятчилар ва бошқа советларга қарши унсурларни қатағон қилиш операцияси ҳақида»ги № 00447-сонли буйруқни имзолайди.

Ўша куннинг ўзида буйруқни СССР Компартияси марказий қўмитаси тасдиқлаб беради. Шундан сўнг мамлакат бўйлаб барча иттифоқдош республикаларда, областларда ва районларда ички ишлар халқ комиссари, прокурор ва партия марказий қўмитасининг биринчи котибидан иборат «махсус учлик» (Тройка)лар тузила бошланади.

«Тройка»ларнинг асосий иши ҳибсга олинадиган одамларнинг рўйхатини шакллантириш, уларга судсиз ҳукм ўқиш бўлган. Москвада НКВД қошида ташкил этилган «Тройка»ни эса фақат Ежовнинг ўзи бошқарган.

Ўзбекистонда биринчи «Тройка» таркиби республика прокурори Борис Шейдлин, ички ишлар халқ комиссари Николай Загвоздин ва Ўзбекистон ССР компартияси марказий қўмитаси биринчи котиби Акмал Икромовдан иборат бўлган.

Ўзбекистондаги дастлабки қатағонлар юқоридаги уч шахс тасдиқлаб берган рўйхат асосида бошланган. Ҳибсга олинганларга чиқарилган қамоқ ёки ўлим жазоси берилиши ҳақидаги ҳукмларнинг аксарияти ҳам улар томонидан имзоланган.

1938 йилда «Тройка» таркиби ўзгаради. Николай Загвоздин ҳибсга олиниб отиб ташлангач унинг ўрнини янги ички ишлар халқ комиссари Дереник Апресян эгаллайди. Бироқ у ҳам бир неча ойдан сўнг ҳибсга олинади ва «Тройка»нинг ҳукми билан ўлим жазоси берилади.