Иқтисодиёт | 10:57 / 02.08.2023
16018
2 дақиқада ўқилади

Йирик давлат банкларини хусусийлаштириш кечиктирилади

«Ўзсаноатқурилишбанк»нинг хусусийлаштирилиши 2024 йилнинг охирига қадар, «Асакабанк»нинг хусусийлаштирилиши эса 2025 йилнинг охирига қадар узайтирилди. «Халқ банки», «Микрокредитбанк» «Алоқабанк», «Агробанк», «Ўзмиллийбанк»ларнинг IPO муддатлари ҳам 2023 йилнинг 1 июлидан 2025 йилнинг 1 январига қадар чўзилди.

«Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банкининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорда келтирилишича, «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган қуйидаги таклифлар маъқулланган:

●     Кузатув кенгаши томонидан банк бошқаруви раиси ва унинг аъзоларини мустақил равишда тайинлаш ҳамда лавозимидан озод қилиш амалиёти жорий қилинади;

●     «Ўзсаноатқурилишбанк» хусусийлаштирилгунга қадар банк оддий акциялари бўйича дивиденд тўланмаган ҳолда унинг соф фойдаси тақсимланмайди;

●     2024 йил якунига қадар банкдаги давлат улушини 50 фоизгача туширилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда «Ўзсаноатқурилишбанк»ка ажратилган умумий қиймати 1 трлн 280 млрд сўм кредит линияларини субординар қарз сифатида расмийлаштириб беради.

Киритилган ўзгаришларга кўра, «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг хусусийлаштирилиши 2024 йилнинг охирига қадар, «Асакабанк»нинг хусусийлаштирилиши эса 2025 йилнинг охирига қадар узайтирилди. «Қишлоқ қурилиш банк»нинг IPO’си эса 2024 йилнинг 1 мартига қадар чўзилади.

Шунингдек, «Халқ банки», «Микрокредитбанк» «Алоқабанк», «Агробанк», «Ўзмиллийбанк»ларнинг IPO муддатлари ҳам 2023 йилнинг 1 июлидан 2025 йилнинг 1 январига қадар узайтирилади.

Мавзуга оид