2022 йил ноябрь ойида ташкил этилган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси хорижий тилларини бепул, содда ва креатив усулда ўргатади. Лойиҳа доирасида 13 та тил бўйича 22 турдаги тизимли ва “0”дан бошланган дарслар мажмуаси ишлаб чиқилмоқда.
Миллисекундлар ҳам муҳим аҳамият касб этадиган тезкор замонамизда дунё билан ҳамқадам бўлишдаги энг муҳим омил – шубҳасиз, коммуникация ва тил воситаси саналади. Жаҳон тилларини ўрганиш нафақат мулоқот имкониятларини оширади, балки шахснинг меҳнат бозоридаги муваффақиятини, когнитив қобилиятларини, тафаккур диапазонини ҳам кенгайтиради.

Иш берувчилар номзод учун энг зарурий кўникмаларни санаб ўтганда, доимо "бир нечта тилни билиш" қобилиятига алоҳида урғу беради. Кўпинча бу кўникма номзоднинг бошқа қобилиятлари ва ҳатто иш тажрибасиданда оғирроқ тош босади. Бошқача қилиб айтганда, дизайнер, сервис ходими, сотувчи ёки кичик бизнес эгаси бўладими - ҳар қандай соҳада кўп тиллилик кишининг профессионал мақсадларига эришишида муҳим ўрин тутади.
Бундан ташқари, янги тилни ўрганиш янги маданиятни ўрганиш демакдир. Дунё тарихи ва санъатининг аксарияти - китоблари, фильмлари, мусиқалари, бадиий асарлари ва илмий тажрибалари турли тилларда намоён бўлади. Немис тилининг нафислиги-ю, япон маданияти интригасини, араб тилининг ўзига хос оҳанги-ю, италян тилининг шеърий жозибасини, инглиз тилининг бепоёнлиги-ю, француз тилининг гўзаллигини – фақатгина мана шу тилларни ўрганиш орқали тўлақонли ҳис қилиш мумкин. Шекспир классикасини асл инглиз тилида мутолаа қилиш, Неруда шеърларини шоир она тилиси - испанчада ўқиш ёки Куросаванинг «Рашомон»ини ҳақиқий-японча версиясида томоша қилиш - барчаси фақат тил ўрганиш тақдим эта оладиган завқдир.

Умуман, тил ўрганиш орқали эришиладиган имкониятлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Аммо бу кўникмани шакллантириш осон кечмайди. Тил ўрганишда малакали устоз, самарали стратегия, ўрганилган билимларни мустаҳкамлаш бирламчи ҳисобланади. Аммо юртимизда тил ўргатувчи профессионал кадрлар етишмайди. Бизда асосий урғу машҳур ва оммабоп тилларга қаратилган. Кадрлар ҳам асосан инглиз тилига ихтисослашган мутахассислар. Масалан, испан ёки япон тилини ўрганишни истаган ҳаммага ҳам ўқитувчи етарли эмас. Профессионал мутахассислар эса одатда марказларда бўлади. Чекка-чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли эса шаҳарга етиб бориши қийин.




