Президент Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни “С5+1” форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони қабул қилди.
Асосий эътибор Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш масалаларига қаратилди.
АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлаган “С5+1” форматидаги навбатдаги вазирлар учрашувининг якунлари юқори баҳоланди.
Сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, инновация ва технологиялар, таълим ва маданият каби устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Икки мамлакат парламентлари ва идоралари ўртасида тўғридан-тўғри ва конструктив мулоқот йўлга қўйилган, ишбилармон доиралар ҳамда академик ҳамжамиятнинг алоқалари кенгаймоқда.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, аввало, терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш каби йўналишларда мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти йўлга қўйилгани икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Унинг биринчи йиғилиши якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар, жумладан, коинотни тинч мақсадларда ўзлаштириш соҳасидаги “Артемида” битимлари имзоланди.
Иқтисодий ҳамкорлик стратегик шерикликнинг асосий таянч нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошди. Иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия соҳаларида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришда Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ўрни катта экани таъкидланди. Кенгашнинг бугунги йиғилиши доирасида 12 миллиард долларлик янги келишувларга эришилди.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам изчил кенгайиб бормоқда. Тошкентда Вебстер университети, Америка технологиялар университети ва Колорадо кончилик мактабининг компетенциялар маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўзбекистонга ташриф буюраётган америкалик сайёҳлар сони ҳам ортиб бормоқда.
















