Лигалар кубоги. 1/8 финал
7 август. «Тойота Стэдиум», Фриско.
«Даллас» — «Интер Майами» — 4:4 (2:1). Пеналтилар серияси — 3:5
Голлар: Месси, 6 (0:1). Кинон, 37 (1:1). Камунго, 45 (2:1). Веласко, 63 (3:1). Кремаски, 65 (3:2). Тэйлор, 68, автогол (4:2). Фарфан, 80, автогол (4:3). Месси, 85 (4:4)

Тезкор гол — тизимга айланди

Лигалар кубоги плей-оффининг дастлабки ўйинида (1/16 финал доирасида «Орландо Сити»га қарши кечган ва 3:1 ҳисобида якунланган ўйин) Лионел Месси қаттиқ ҳиссиётга берилиб ўйнади ва рақиб футболчилари билан тортишувларга киришди, тўп учун кураш вақтида кескин ҳаракатлар амалга оширди. «Орландо» мураббийи Оскар Пареха эса ўйиндан кейин аргентиналик футболчи иккинчи сариқ карточкани олиб майдондан четлатилишга лойиқ ўйин кўрсатганини ҳам айтганди: «Менга фарқи йўқ, у Месси бўладими бошқами!».

Янада аниқроқ айтадиган бўлсак — Леони охирги бор бундай ҳиссиётли ҳолатда Қатардаги жаҳон чемпионатида кўргандик. У ўз орзусига етиш йўлида майдонда бор сеҳрини ишга солган, ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштагидан кейин Луи ван Гаални уришга тайёр бўлган, кейин ўйиндан кейинги интервюсида нидерландиялик фахрий мураббий манзилига ўз сўзларини йўллаган ва ниҳоят Вегҳорстни аҳмоқ деб атаганди. У бутун вужуди билан ғалабага интилганди.

У билан бунга ўхшаш ҳолатлар ғалабали Америка Кубогида ва «Барселона»да ўйнаган вақтида рўй берарди, аммо «ПСЖ»да ҳеч қачон бунақа бўлмади. Париж ва Месси бир-бирига умуман мос келмади ва томонлар охиригача бир-бирига бегона бўлиб қолишди. Энди эса — том маънода бир қарашда севги. Буни изоҳлаш мумкин, чунки ҳозир Лео Саудиянинг миллионларидан воз кечиб, бу клубни ўзи танлади, икки йил олдин эса унда Париждан бошқа вариант бўлмаганди.

Аргентиналик футболчининг «ПСЖ»да фаолияти бошланиши ҳам шунга яраша нурсиз бўлганди, француз чемпионатини МЛС билан солиштириш тўғри бўлмаса ҳам, барибир бир нарса яққол кўриниб турибди — «Интер Майми»да у ўзини жуда қулай ҳис қилмоқда. Бундай вазиятда Америка лигасининг асосий юлдузи мухлисларни куттирмайди ва голлар конвейердан чиққандек урилаверади.

«Атланта» мудофааси аргентиналик даҳо қаршисида 8-дақиқада таслим бўлганди. «Орландо» етти дақиқа чидаб берди, «Даллас» эса олтинчи дақиқадаёқ ўйинни майдон марказидан қайтадан бошлашига тўғри келди. Аниқроғи, бироз кейинроқ, чунки ҳакам мониторга бориб қарашига ва ўзининг офсайд тўғрисидаги хато қарорини бекор қилишига тўғри келди, чунки Хосеф Мартинес умуман дарвоза рўпарасида эмасди ва дарвозабонга халақит бергани йўқ.