Ташриф доирасида инновацион уруғчилик бўйича Испаниянинг илғор компаниялари ҳисобланадиган Eurosemillas, Dafisa, Valenzuela y Cía раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Учрашув чоғида испан компаниялари томонидан яратилган аномал юқори ҳароратларга ва сувсизликка чидамли бўлган пахта навлари экинлари билан танишилди.
Хориж томони билан Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ва Геномика ва билинформатика маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон иқлимига энг тўғри келадиган ва юқори ҳосилдор бўлган пахта навларининг синовларини ўтказиш ва улар асосида маҳаллий навлар билан гибрид навларни яратиш ҳамда Қишлоқ хўжалиги экинлари ва уруғшунослик маркази билан ҳамкорликда пахта уруғчилик станциясини ташкил этиш юзасидан келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, атроф-муҳит, кончилик ва соғлиқни сақлаш соҳаларида лаборатория хизматларини кўрсатувчи Испаниянинг етакчи компанияларидан бири AGQ Labs International компанияси билан учрашув ўтказилди. Компаниянинг энг сўнгги замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозланган имкониятлари ва патентланган анализ усуллари билан яқиндан танишилди.
Олиб борилган музокаралар натижасида хориж томони билан Ўзбекистонда пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда қўшма лаборатория марказини ташкил этиш масаласини ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.












