
Корхоналарига янги ходимларни жалб қилиш учун компаниялар Google ва Apple’даги сингари шароитлар ҳозирлашга, маошларни оширишга ёки ёши катта ишчиларни қайта ўқитишга мажбур бўлишмоқда, деб ёзади Wall Street Journal нашри. Буларнинг барчаси Осиёдаги арзон товарлар ишлаб чиқариш даври тарихга муҳрланишига замин яратмоқда.
Муаммо нимада?
Осиё қитъаси ўнлаб йиллар давомида жаҳондаги энг йирик «завод цехи» саналган, бу ерда ишлаб чиқарилган арзон маҳсулотлар бутун дунё бўйлаб савдога чиқарилган. Энди эса Осиё давлатларида ўз ишлаб чиқаришига эга бўлган глобал корпорациялар ташвишга тушиб қолишган: осиёлик ёшлар фабрикаларда ишлашни исташмаяпти. Ёш авлодни жалб қилиш учун компаниялар кўпроқ ҳаракат қилишга мажбур бўлишмоқда.

Instagram, TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларнинг тарбиясини олган осиёлик ёш мутахассислар бир томондан, фабрикалардаги оғир иш ўрнига енгилроқ меҳнат билан шуғулланишни исташмоқда. Иккинчи томондан, Осиёдаги демографик жараёнлар ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда: ёш оилалар фарзанд кўришга шошилмаяпти, ота-оналари сингари катта оила барпо этмоқчи эмас, шу сабабли яқинларини боқиш учун уларга катта маош ҳам керак эмас. Улар барқарор маош кетидан қувмасдан, ишини ҳам осонгина ўзгартира олишади, эркин иш графиги исташади ва фабрикалардаги қатъий кун тартибини ёқтиришмайди. Тобора ривожланиб бораётган хизмат кўрсатиш соҳаси уларга ўзлари истаётган имкониятни тақдим этмоқда.

Натижада, масалан, Хитойда парадоксал вазият кузатилмоқда: фабрикаларда ишчи кучи етишмаяпти, бироқ шаҳар ёшлари ўртасида ишсизлик июн ойида 21 фоизни ташкил этган.
Фабрикалар қандай йўл тутмоқда?
Ёшларни жалб қилиш учун фабрикалар меҳнат шароитини яхшилашга ва маошларни оширишга ҳаракат қилмоқда, ходимларга турли бонуслар тақдим этмоқда — ошхоналардаги овқатларни мазалироқ қилишдан тортиб, ходимларнинг фарзандлари учун болалар боғчаси очишгача.


















