Россия махсус хизматлари тез орада хорижий давлатлардаги “Яндекс Go” мижозларининг такси хизматидан фойдаланишдаги шахсий маълумотларини қўлга киритади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб “Медуза” нашри хабар бермоқда.
Нашрга кўра, бу ҳолат – Россия Федерал хавфсизлик хизматига алоҳида реестрдаги такси хизматларининг базаларига кириш ваколати берилишига оид қонун қабул қилиниши билан боғлиқ. “Ахборот тарқатиш ташкилотчилари” деб номланган реестрга Россияда жойлашган сервислардан ҳозирча фақат “Яндекс Go” киритилган.
“Яндекс” компаниясидаги манбага кўра, бу қонун ҳақида янгилик пайдо бўлгач, “Яндекс Go” такси хизмати оммалашган давлатлардаги фойдаланувчилар компания колл-марказига телефон қилиб, уларнинг шахсий маълумотлари қаерда сақланишини сўрай бошлаган. Ўз навбатида, колл-марказ ходимлари менежментдан бу саволларга қандай жавоб бериш кераклигини сўраган. Раҳбариятдан келган жавобда “Яндекс Go” сервисидан фойдаланувчиларнинг маълумотлари Россияда сақланиши маълум қилинган, лекин “мижозлар билан мулоқотларда дата-марказларнинг ҳозирги жойлашуви ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтишдан тийилиш” сўралган.
1 сентябрдан бошлаб ФХХ сутканинг исталган вақтида бу маълумотларни олиши мумкин бўлади – бош вазир Михаил Мишустин аллақачон тегишли қарорни имзолаган, дейилади хабарда.
“Яндекс”нинг такси хизмати “Яндекс Go” ва “Yango” номлари остида Россиядан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон, Грузия, Арманистон, Беларус, Исроил, Норвегия, Финландия каби (жами 20 дан ортиқ) мамлакатларда фаолият юритади.
Юқоридаги хабар фонида Қозоғистонда Yandex.kz домени ўчириб қўйилди. Қозоғистон Рақамли тараққиёт вазирлиги Россия компаниясидан “ҳуқуқ-тартибот органлар ва махсус хизматлар билан алоқалари” ҳақида тушунтириш беришни сўраган. Грузия шахсий маълумотлар хавфсизлиги хизмати “Яндекс Go” сервисининг фойдаланувчилар маълумотларини қайта ишлаш жараёни қонунга мувофиқлигини текшириш учун ўрганиш ишларини бошлади. Финландия ва Норвегиянинг ваколатлари органлари “Яндекс”дан фойдаланувчиларнинг маълумотларини Россияга узатишни тўхтатишни талаб қилди.







