Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда полициянинг фуқаролар ёзишмаларини кўришини соддалаштириш таклиф қилинди
Россия ИИВ суд қарорига қадар фуқароларнинг электрон хабарларига киришни, шунингдек, интернет орқали узатиладиган ҳар қандай маълумотни тергов ҳаракатлари учун зарур деб тан олишни таъминлайдиган тузатишларни ишлаб чиқди.
Россия Ички ишлар вазирлиги «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш ва интернет орқали узатиладиган ҳар қандай маълумотни тергов ҳаракатлари учун зарур деб тан олишни таклиф қилди. Маҳкама томонидан ишлаб чиқилган тузатишлар 14 август, душанба куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, тезкор-қидирув тадбирлари рўйхати, жумладан, узатилиши технологик тизимларда, жумладан, интернетда мавжуд бўлган маълумотларни ИИВ ва «ФСБ» ходимлари томонидан ўрганишни назарда тутувчи банд билан тўлдирилиши мумкин. Шу тариқа, ушбу идоралар «нафақат матн, аудио ва/ёки видео маълумотларни, балки техник ахборотни ҳам ўз ичига олган турли хил компьютер маълумотларини реал вақт режимида ўрганиши мумкин», дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, тузатишлар кучишлатар тузилмалар ходимларининг фуқаролар ёзишмаларига киришини соддалаштиришни назарда тутади. Улар қабул қилинса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли суд қарорига қадар дата-марказлар, булутли маълумот сақлаш жойлари, алоқа операторлари ва фуқаролар қурилмаларидаги матнли хабарлар ва уланиш маълумотларини ўрганиш имконияти берилади.
Тузатишлар муаллифлари интернет-жиноятчилик кўрсаткичи ортиб бораётганини билдирган
Тушунтириш хатида бундай тузатишлар интернет-жиноятчилик ўсиши муносабати билан зарурлиги қайд этилган. Хусусан, VPN-сервислар ёрдамида содир этилаётган ва кўп ҳолларда фош этилмай қолиб кетаётган жиноятлар ҳақида сўз юритилган. Тузатишлар муаллифлари бундай муваффақиятсизликни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг «жиноий фаолият фактларини ҳужжатлаштиришда ҳам, содир этилган жиноятларни фош этишда ҳам етарлича тезкор имкониятлари йўқлиги» билан изоҳлади.
«2022 йил якунларига кўра, Россия Федерациясида ушбу тоифадаги 522 мингдан ортиқ жиноятлар аниқланган, бу умумий ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг 22 фоизини ташкил этади», — дейилади тушунтириш хатида. Айни пайтда, ушбу жиноят ишларининг 71 фоизи жиноятчиларни аниқлашнинг имкони бўлмагани учун кейинчалик тўхтатилган.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025