Қўштепа канали бўйича музокараларда Ўзбекистон “Толибон”дан сўраётган асосий масала нима? Қозоғистон нима сабабдан Сирдарё бўйича келишувни қайта кўриб чиқмоқчи? Яқин келажакда Марказий Осиё олдида қандай рисклар турибди, ечимлар қанақа? Эксперт Фарҳод Каримов Kun.uz'га берган интервюсида бу саволларга ойдинлик киритди.
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сув масалалари ҳақида кўп гапирилади, лекин аҳоли орасида бу борадаги умумий тасаввур етарли эмас. Kun.uz “Геосиёсат” дастурининг бу галги сонида трансчегаравий дарёлар бўйича оддий саволлар билан эксперт Фарҳод Каримовга мурожаат қилди.
— Марказий Осиё давлатлари умумий ирригацион тизими cовет давридан қандай муаммоларни мерос қилиб олган ва мустақилликка эришгач, сув масаласида қандай индивидуал ёндашувлар кузатилди?
— 50-йиллардан кейин Марказий Осиё республикалари бутун иттифоқ давлатларига қишлоқ хўжалигига маҳсулотлари ва хомашё етказиб берувчи базага айланган. Ўзбекистон пахтага, Қозоғистон ғалла ва чорвага ихтисослаштирилган. Бундай сиёсат ортидан чўл ҳудудлари ўзлаштирилган, янги совхоз ва колхозлар ташкил этилган. Амударё ва Сирдарё сувлари шакллантирилган каналлар орқали минтақа марказига йўналтирилган, оқибатда Марказий Осиёда ягона ирригацион тизим шаклланган.
Иттифоқ парчалангач, сув масаласидаги олдинги тизим қоладими-йўқми, шу кун тартибига чиқди. Юқорида турувчи Тожикистон ва Қирғизистон қуйида турувчи Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистонга талаблар қўя бошлаган. Собиқ иттифоқ даврида уларда сувдан кўп фойдаланиш имкони бўлмаган. Мустақил бўлишгач эса ўз миллий манфаатларини кўтариб чиқишди. Қуйи оқимда жойлашган, иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига мослаштирилган республикалар ҳали ҳам собиқ иттифоқ давридаги тизимга боғланиб қолган эди. Квота ва сув бўлинишини олдин Москва ҳал этган. Шу масалани ҳал қилиш учун 1992 йилда ҳамкорлик келишуви имзоланади.
— Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Сирдарё ҳавзаларидан фойдаланиш 1998 йилда Бишкек келишуви тузилган. Ҳозирга келиб нега Қозоғистон томони бу келишувни қайта кўриб чиқмоқчи? Сирдарёнинг Қозоғистон томонда жойлашган қисмида сув камайгани ва дарё ҳавзаси ифлослангани ростми, сабаблари нима?
— Нафақат 1998 йилдаги шартнома, балки 1992 йилдаги шартномани ҳам қайта кўриб чиқиш керак. Чунки вазият, давлатлар иқтисодиёти ўзгарди. 1998 йилда Сирдарё ҳавзаси сувларидан фойдаланиш бўйича 3 та давлат келишиб олган эди. Сирдарёнинг асосий истеъмолчиси Қозоғистон ҳисобланади. Ҳозирги кунда Қозоғистонда сув тақчиллиги ортиб боряпти.















