Балкондан туриб шаҳар томоша қилишнинг ўзига яраша гашти бор. Буни озарбойжонликлар, айниқса, яхши билишади. Шу ҳам мавзу бўлибдими, дейишингиз мумкин. Аммо дастурни охиригача томоша қилсангиз, фикрингиз мутлақо ўзгаради. Чунки Боку балконларининг ўз маданияти ва тарихи бор.

Озарбойжон пойтахти Боку кўчаларини кезаркансиз, Ғарб ва Шарқ архитектуралари маданияти уйғунлигининг гувоҳига айланасиз. Шаҳар бинолари турли асрларда бунёд этилган бўлса-да, меъморий ечимларда ўзига хос умумийлик бор.

Бу умумийлик бинолардаги бир-бирини такрорламайдиган, санъат даражасида қуриладиган балконларда ҳам ўз ифодасини топади. Қаерга қараманг, оддий темир панжаралисидан тортиб, мураккаб меъморий услубларга эга пешайвонларни учратасиз.

Бокуликларнинг кўп қаватли уй харид қилишдаги қатъий талабларидан бири ҳам бу хонадонларда балконларнинг бўлишидир. Албатта, улар ошхонани балконга чиқариб, яна битта хона сонини ошириш ҳақида ўйламайди. Балкон балконлигича қолиши керак.

Тўғри, баъзи уйларда улар ўраб олиниб, хона қилинганини ҳам учратиш мумкин. Ҳатто, бир балконни иккига бўлиб, ярмини ўз ҳолича, қолган ярми хонага айлантирилган ҳолатлар ҳам бор. Лекин жуда кам.

Озарбойжонликлар тарихан бундай пешайвонларни уйдан чиқмасдан туриб, қарама-қарши уйда яшовчи қўшнилар билан суҳбат қуриб ўтириш, хаёл суриш, чой ичиш ёки шахмат, нардага ўхшаган ўйинлар ўйнаб ҳордиқ чиқариш учун энг қулай жой сифатида кўриб келишган.

Озарбойжон тилида уларни “шушабанд”, яъни “ойна билан ўралган” маъносини берувчи “ойнабанд”, ўралмаган балконларни эса шунчаки “шуша”, яъни “ойна” деб аташади. 3-4 аср илгари қурилган кўп қаватли уйларда ҳам ойнабандларга алоҳида урғу берилган.