Яқинда «Луна-25» космик аппарати Ойга бориб урилиб, сочилиб кетди. Шу тариқа Россия ўзининг янги тарихидаги илк ой миссиясини бажара олмади. «Луна-25» билан алоқа 2023 йил 19 август куни Москва вақти билан соат 15:00 ларда йўқолган. Аппаратни топиш ва у билан алоқани тиклашнинг имкони бўлмаган.

«Луна-25» сайёралараро автоматик станцияси 2023 йил 11 август куни Узоқ Шарқдаги, Амур областида жойлашган «Восточный» космодромидан учирилганди. У 21 август куни Ой сиртига қўниши керак эди.

20 август куни «Роскосмос» космик станция Ой юзаси билан тўқнашув оқибатида «ўз мавжудлигини йўқотди», деб хабар берди. Аппарат Ернинг табиий йўлдоши юзасига қулаган, деб ҳисобланмоқда.

Миссия давомида россияликлар станцияси бир неча тасвирларни, жумладан Ойнинг нариги томонининг жанубий қутб ҳудудидаги Зееман кратери фотосурати ҳамда илмий маълумотларни юборишга улгурди. Хусусан, «Луна-25» асбоблари Ой юзасига микрометеорит келиб урилишини қайд этишган.

«Луна-25»ни учириш лойиҳаси 1997 йилда бошланган, кейин маблағ етишмаслиги, авария ва санкциялар туфайли бу иш ортга сурилиб келган. Хусусан, миссияда «Роскосмос» билан бирга Европа космик агентлиги ҳам қатнашиши режалаштирилганди, аммо ташкилот Россиянинг Украинага босқинидан кейин Россия билан ҳамкорлигини тўхтатди.

Қуйида Ойга уюштирилган парвозлар ва унда қолиб кетган аппаратлар ҳамда энг йирик космик ҳалокатлар ҳақида сўз юритамиз.

Россиянинг «Луна-25» космик аппарати фазога учирилишдан аввал.
arstechnica.com

Советларнинг Ойга учирган аппаратлари

1960-йилларнинг иккинчи ярмида СССР ва АҚШ ўртасида космосни ўзлаштириш бўйича рақобат давом этар экан, ҳар икки давлат Ойни ўзлаштиришга уриниб кўради.

Советлар умумий ҳисобда Ойга 30 га яқин космик аппаратлар учиришган. Улардан бир қанчаси Ой сиртига қўниб у ердан фототасвирлар олган. Бошқалари Ернинг табиий йўлдоши атрофида учган. Баъзилари парвоз вақтида «авария» бўлган.

Жумладан:

«Луна-2» – 1959 йил 13 сентябр куни;

«Луна-5» – 1965 йил 12 май куни;