10:14 / 25.08.2023
3838

ФВВ сел хавфи юзага келганда амал қилиш лозим бўлган қоидаларни эслатди

Сел хавфи бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли «Ўзгидромет», ФВВ/ФВБ, ҳокимият вакиллари томонидан бу борада берилган кўрсатмаларга амал қилиши лозим.

Фото: Kun.uz

Сел - катта миқдорда тош, қум ва тупроқ жинслари билан биргаликда тоғдан оқиб тушувчи сув бўлиб, мунтазам жала қуйиши, қорларнинг эриши, тоғ сув ҳавзалари, сув омборлари, музлаган сув ҳавзалари қирғоқларининг ўпирилиб кетиши ва бошқа сабаблар оқибатида юз бериши мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сел хавфи юзага келганда амал қилиш лозим бўлган қоидаларни эслатди.

Катта ҳажмга ва юқори тезликка эга бўлган сел оқими, йўлидаги барча биноларни, аҳоли яшайдиган уйларни, гидротехник иншоотларни бузиб, қишлоқ хўжалик экинларини, боғларни пайҳон қилади. Одамлар ва ҳайвонларни нобуд қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидаги барча тоғ ва тоғ олди ҳудудлар, жумладан, Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Тошкент, Самарканд ва Қашқадарё вилоятлари сув тошқини - сел хавфи юқори ҳудуд ҳисобланади.

Сел хавфи апрель ва май ойларида кўпроқ, бу даврда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида ёмғир кўп ёғади.

Сел хавфи бўлганда аҳолининг ҳаракати бўйича тавсиялар қуйидагилар:

- Сел хавфи бўлган ҳудудларда яшовчи ҳар бир киши «Ўзгидромет», ФВВ/ФВБ, ҳокимият вакиллари томонидан берилган кўрсатмаларга амал қилиши лозим;

- сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида хабар берилгач, дарҳол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Бунинг учун вақт жуда тиғиз эканини доимо ёдда тутиш лозим;

- сел оқимидан қочишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепаликка, дарахтга ёки бирор иншоот устига чиқиш керак. Одатда сел 3-5 соат вақт давом этиши мумкин;

- сел оқими ўтгандан сўнг, девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.

Кўпйиллик кузатишлар мобайнида Ўзбекистонда сел келиши эҳтимоли апрель-июнь ойларида фаоллашуви қайд этилган. Содир бўлган ҳодисалар қуйидагича тақсимланган: апрель ойида 30 фоиз, май ойида 36 фоиз, июнь ойида 14 фоиз.

Top