ОАВ: Британия мудофаа вазирининг истеъфосига АҚШ билан дипломатик можаро қўзғагани сабаб бўлган
Бен Уоллес Америка вертолётлари хариди бўйича қимматбаҳо шартномани бекор қилишга уринган.
Буюк Британия собиқ мудофаа вазири Бен Уоллес истеъфога чиқишидан олдин Американинг 14 дона Chinook H-47 вертолётлари етказиб берилиши бўйича 2,3 миллиард фунт стерлинглик шартномани бекор қилишга уриниб, АҚШ билан дипломатик можаро келтириб чиқарган. Бу ҳақда The Sunday Times манбаси хабар бермоқда.
Шартномага кўра, Boeing компанияси ишлаб чиқарган вертолётлар етказиб берилиши 2026 йилда бошланиши керак бўлган. Пентагондагилар бу машиналар Буюк Британияга АҚШ ҳамда НАТОнинг бошқа мамлакатлари билан биргаликдаги қўшма амалиётларда иштирок этиш учун зарурлигини билдирган. Аммо, газета суҳбатдошига кўра, сўнгги ҳафтада Бен Уоллес бу келишув тўғрилиги бўйича шубҳага бориб, Буюк Британия мудофаа бюджетига босимни камайтириш мақсадида уни бекор қилишни таклиф этган.
10 август куни у Пентагон раҳбари Ллойд Остинга хат йўллаб, унда Лондоннинг вертолётлар хариди бўйича келишувни қайта кўриб чиқиш режалаштирилаётганини билдирган. Бунга жавобан Америка ҳукумати Буюк Британия элчиси Карен Пирсни чақиртириб, у орқали бош вазир Риши Сунакка келишувни бекор қилиш «ёмон ғоя» эканини билдирган. The Times манбаларига кўра, британиялик мулозимлар америкалик ҳамкасбларини Уоллес лавозимини тарк этгач, муаммо ҳал этилишига ишонтиришган.
Британия ҳукуматининг айрим аъзолари Уоллес ўз ҳаракатлари билан АҚШ президенти унинг НАТО бош котиблигига номзодини қўлламагани учун америкаликларни афсуслантирмоқчи бўлган, деган фикрда. Аммо вазирнинг атрофидаги кишилар бу икки ҳолатнинг алоқадорлигини рад этишмоқда. Уоллес аввал ҳам қимматбаҳо келишувларга қарши бўлиб келган. Буюк Британияда аллақачон Американинг 60 та Chinook вертолёти мавжуд ва унинг транспорт авиатехника парки НАТОнинг Европадаги аъзолари орасида энг йириги ҳисобланади.
- Бен Уоллес 2019 йил июлидан буён Буюк Британия мудофаа вазири эди. У Британия ҳукумати РФ қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқинига тезкор реакция қилишида муҳим ролни ўйнаган. Хусусан, Буюк Британия ғарб мамлакатлари ичида биринчи бўлиб Украинага 250 километрдан ортиқ радиусда ҳаракатлана олувчи Storm Shadow қанотлари ракеталарини етказиб берган мамлакатга айланган. Уоллес 2023 йил 31 август куни истеъфо берди, унинг ўрнини эса энергетика вазири Грант Шаппс эгаллади.
Мавзуга оид
21:42 / 19.12.2024
Британия Украина аскарларини тайёрлаш учун Украинага ўз инструкторларини юборади
21:56 / 11.12.2024
Британия биринчи марта дронни лазер ёрдамида уриб туширди
11:56 / 05.12.2024
Катта урушда британ армияси ярим йилда тугайди, унга захиралар керак — вазир ўринбосари
00:25 / 05.12.2024