Ўзбекистон | 18:54 / 04.09.2023
6923
4 дақиқада ўқилади

Мустақилликнинг 32 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг 16 та ҳудудида “Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди

Фото: Yangi nafas

3 сентябрь куни «Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!» шиори остида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро, Қоровулбозор, Қарши, Ғузор, Термиз, Гулистон, Нурафшон, Андижон, Наманган, Фарғона, Хива ва Нукус шаҳарлари Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32-йиллигини нишонлашга бағишланган “Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақасига қўшилдилар.

Шу куни ҳар бир ҳудуд ва Қорақалпоғистон Республикасида 100 мингга яқин ҳаваскор югурувчилар мамлакатнинг асосий байрамини шаҳарларнинг марказий кўчалари бўйлаб ўтган оммавий югуриш мусобақасида иштирок этиш орқали нишонлади. Тошкентда “Yangi nafas” барча шаҳар оммавий югуриш мусобақалари бўлиб ўтадиган жойда – Ҳумо Арена спорт майдони ҳудудида ўтказилди. Пойтахтдаги оммавий югуриш мусобақасига 7000 дан зиёд иштирокчи қўшилди, улар орасида Тошкентнинг 50 та олийгоҳидан 3000 га яқин талабалар ҳам иштирок этишди.

Тадбир ташкилотчилари сифатида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, иштирокчи шаҳарлар ҳокимликлари, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳамда Енгил атлетика федерацияси иштирок этди.

Тошкентдаги оммавий югуриш мусобақаси дастурига 3 ва 10 км масофалик иккита дистанция киритилди. Қолган шаҳарлар учун - “Yangi nafas” спорт ҳаракатининг ягона рамзий масофаси - 3 км ни ташкил қилди.

 Таъкидлаш керакки, “Yangi nafas” халқаро спорт оммавий югуриш мусобақаларида, фуқаролигидан қатъи назар, истаган барча иштирок этиши мумкин. 30 та чет эл давлатларининг вакиллари ушбу кенг кўламли спорт байрамига қўшилди. Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон спорт югуриш клубларидан тахминан 400 та иштирокчи “Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақасини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташриф буюришди.

Тадбирнинг очилиш маросими пойтахтда бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов  барча иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни билан табриклади ва давлатнинг асосий саналарига бағишлаб “Yangi nafas” спорт оммавий югуриш мусобақаларининг ўтказилиши яхши бир анъанага айланиб қолганини таъкидлаб ўтди. Республиканинг ҳар бир фуқароси қўшилиши мумкин бўлган “Yangi nafas” спорт ҳаракати, руҳ иродаси, ватанпарварлик туйғуси ва бутун мамлакат билан ҳамжиҳатлик бирлаштириладиган платформага айланди.

 Шу билан бирга, “Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақасининг очилишида Республика Президенти қошидаги Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамовалар сўзга чиқишди.

Уч йилдан бери ўтказиб келинаётган оммавий югуриш мусобақаларида 700 мингдан ортиқ иштирокчи “Yangi nafas” спорт ҳаракати байроғи остида бирлашишди. Уларнинг асосий мақсади миллат саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ҳисобланади. Ушбу муносабат билан, ҳудудлар доирасида ҳам оммавий спортга ва енгил атлетикага бўлган қизиқиш янада ортиб бормоқда. “Yangi nafas” оммавий югуриш мусобақасини ўтказишга тайёргарлик кўриш доирасида Фарғона водийси ва Самарқандда бўлиб ўтган матбуот анжуманларида бундай кенг кўламли тадбирни ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

“Yangi nafas” мусобақаси ғолиблари учун ташкилотчилар томонидан пулли мукофотлар ва оммавий югуриш мусобақасининг рамзи туширилган эсдалик совғалари ажратилди. Мусобақа етакчиларини тантанали тақдирлаш учун Миллий боғ паркида махсус тантанали оқшом ташкил этилди.

Реклама