Грецияда сув тошқини оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган, Болгариянинг Қора денгиз соҳилидаги ҳудудларида тўрт киши вафот этган, Туркияда табиий офат қурбонлари сони етти нафарни ташкил этмоқда.

Ўтган ёзда Европанинг жанубий қисми бир қанча экстремал об-ҳаво ҳодисаларини бошдан кечирди, жумладан рекорд даражадаги жазирама ва ёнғинларни.

Экстремал об-ҳаво шароитлари кенг тарқалишида иқлим ўзгаришининг ролини ўрганаётган, дунё бўйлаб турли мамлакатлардан бўлган олимларни жамлаган World Weather Attribution тадқиқоти муаллифлари ҳисоблашича, инсон омили бўлмаганида, бу ёздаги воқеаларни жуда ноёб ҳолат сифатида ҳисоблаш мумкин эди.

Греция марказидаги Трикала шаҳрида сув остида қолган машина. Фото: REUTERS

Асал ойини Грецияда ўтказиш учун Австриядан келган жуфтлик кучли тошқин улар яшаётган уйни ювиб кетганидан кейин бедарак йўқолган.

Фавқулодда хизматлар ходими BBC билан суҳбатда бу одамларни қидириш ишлари давом этаётганини хабар қилган. Уй эгасининг сўзларига кўра, ёшлар ёмғирдан қочиб уйга кирган, аммо уй сатҳи кўтарилган сув остида қолган.

Грецияда вайрон бўлган кўприк. Фото: SAKIS MITROLIDIS

Грециялик қутқарувчилар мамлакат марказий қисмидаги чекка қишлоқларда яшовчи аҳолига етиб боришга уринмоқда, бу ҳудудларга бир кун ичида бир йиллик ёғингарчилик тушган.

2023 йил 7 сентябр куни юқоридан олинган суратда Греция марказий қисмидаги Кардица шаҳри яқинида жойлашган Фаркадона қишлоғи акс этган. Фото: WILL VASSILOPOULOS

Греция фуқаролик муҳофазаси вазири Василис Кикилиас чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида штормни «мисли кўрилмаган ҳодиса» деб баҳолади.

Сув чекинганидан кейин Волос шаҳридаги пляж чиқиндихонага айланди
Фото: SAKIS MITROLIDIS
Грециянинг айрим ҳудудларида 7 сентябр куни ҳам ёғингарчилик давом этди. Етказилган зарар миқдори ҳозирча аниқ эмас