Жаҳон | 16:33 / 11.09.2023
16956
1 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Россияга бормоқда. Кремл тасдиқлади

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга боради. Бу маълумотни Кремл расман тасдиқлади.

Фото: AP

«Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан КХДР давлат ишлари раиси Ким Чен Ин яқин кунларда Россияга келади», деб ёзилди Кремл расмий Telegram-каналида.

Бу хабар эълон қилинишидан бир соат аввал Кремл расмий вакили Дмитрий Песков россиялик журналистлар билан суҳбат чоғида Ким Россияга боришини тасдиқламаганди.

Бир қатор нашрларнинг ёзишича, ичида Шимолий Корея етакчиси бўлган поезд аллақачон Россия томон йўлга чиққан. Ушбу икки давлат умумий чегарага эга бўлиб, КХДРдан Россиягача поездда етиб бориш мумкин.

Аввалроқ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Шимолий Кореяга борган, у билан учрашувда Ким Чен Ин илк марта мамлакатда ишлаб чиқарилган ҳарбий дронларни кўрсатганди. Кейинчалик ОАВда Ким Чен Ин Россияга бориб, Путин билан қурол-яроғ етказиб бериш масаласини муҳокама қилиши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид