Француз адиби Оноре де Балзак «Сағри тери тилсими» романи орқали китобхонларга пул-бойлик, мансаб, обрў, ўткинчи ҳиссиётлар, умуман, ҳеч нарса умрнинг қийматига тенг келмаслигини англатишга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, инсоннинг хоҳишлари ҳеч қачон тугамаслиги, одам истакларини бутунлай жиловлай олишга қодир бўлолмаслигини кўрсатиб беради.
Сюжет:
Рафаэлни отаси қаттиққўллик билан тарбиялайди. Ёшликдан билим олишга йўналтирилган, тартибли турмуш тарзи билан улғайган бола тенгқурларига нисбатан одоб-ахлоқли, рисоладагидек фарзанд бўлиб етишади. Унинг отаси ўзига тўқ, бизнесмен одам эди. Аммо омадсизлик юз бериб, касодга учрайди ва вафот этади. Йигит ёлғизлик, камбағаллик домида қолади.
Уйини арзимас пулга сотади-да (мажбур бўлади), ўзи Годэн исмли хонимнинг кулбасида ижарага яшай бошлайди. Бу хонимнинг эри ҳарбий бўлиб, бедарак кетган, хоним унинг келишини интизорлик билан кутарди. Қизи Полина Рафаэлдан мусиқа ва турли фанларни ўргана бошлайди. Йигит бу қизни севиб қолмасликка қаттиқ тиришади. Сабаби унга бой, чиройли кийинган, аслзода аёллар ёқарди. Ва тинмай аристократлар орасига киришга уринарди.
Бир куни дўсти орқали шундай аслзода жамиятнинг аслзода аёли билан танишади ҳам. Унинг исми Феадора эди. 21-22 ёшли бу гўзал хоним атрофидагиларни шундай мафтун қилган эдики, ошиқлари кўпайиб кетганди. Аммо у ҳеч кимга майл билдирмас, турмушга чиқиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмас, севги изҳор этган йигитларни ўзидан узоқлаштириб, қийноққа солиб роҳатланарди.
Рафаэл ҳам табиийки, Феадоранинг мана шу макр тўла тўрига илинади. Аёл йигитнинг идеалидагидек эди. Бир муддат борди-келдилардан сўнг Феадора йигит билан жиддий гаплашиб олмоқчилигини айтади ва учрашгач ўзини севиб қолгудек бўлса, қувиб солажагини маълум қилади. Ўйлаб юрган изҳор-у режалари чиппакка чиққан йигит бироз саросимага тушади-ю, аммо алоқалари дўстлик чегарасидан чиқмаслигига ваъда беришга ўзида куч топади.
Йигитнинг борган сари Феадорага ишқибозлиги ва қизиқиши ортиб боради. Бу аёл Рафаэлга жуда сирли кўринарди. Унинг ўтмиши, илгари турмушга чиққани ёки чиқмагани, бундан кейин турмуш қуриш режасида бор-йўқлигини ҳеч ким билмасди, билолмасди ҳам. Аёлнинг сирларини билиш мақсадида Рафаэл ҳаттоки бир кеча базм вақтида суюклисининг ётоғига яшириниб олади ва тонггача Феадоранинг нималар билан шуғулланишини яширинча кузатади. Аёлнинг ёлғиз қолганида ҳамма дардлари қалқиб чиқишига, тўшакка киргач «Эй Худойим-эй» дея, ҳасрат билан уйқуга кетишига гувоҳ бўлади.
Йигит камбағаллиги сабаб Феадора билан учрашувларида қийин ҳолатларга тушиб қоларди. Бу нарса уни азобга соларди. Баъзан Полинадан қарз олиб туришга мажбур бўларди. Полина йигитга жон дили билан ёрдам беришга ошиқарди. Унинг ҳар бир ҳаракатида йигитга бўлган кучли муҳаббат акс этиб турарди. Бир кун йигит Феадора билан қаттиқ тортишиб қолди ва аёл Рафаэлнинг нафсониятига тегди. Бундан қаттиқ ранжиган йигит ҳиссиз севгилисини бутунлай тарк этади. Кетаётиб бой бўлиб кетишга аҳд қилади.

















