Одил Ёқубовнинг «Муқаддас» қиссаси бош қаҳрамони Шарифжон ҳам севгига олиб борадиган йўлдан юряпман деб ўйларди...
Сюжет:
Шарифжон заводда ишлайди. Ишхонасидан таътил олган вақти имтиҳон кунларига тўғри келгани учун ўқишга топшириб кўрмоқчи бўлади. Имтиҳонга бориб келиб юраркан, Муқаддас исмли қизни севиб қолади. Улар бир-бирига ёрдам бериб юради ва Муқаддас ҳам Шарифжонни ёқтиришини билдиради. 4 та фандан имтиҳон топширишади. Муқаддас 18 балл, Шарифжон эса 16 балл тўплайди. Афсуски, энг камида 17 балл тўплаган абитуриент ўқишга қабул қилинарди.
Йигитнинг руҳи тушиб кетади. Ўқишга киролмаганидан ҳам кўра Муқаддас билан ўқиёлмай қолишидан кўпроқ сиқилаётганди. Аслида, ўқимаган тақдирда ҳам тайёр иши, ажойиб ҳамкасблари бор эди. Аммо унга Муқаддасдан айрилиш жуда оғир ботди. Лекин Муқаддас йигитнинг кўнглини кўтариб, кейинги йил имтиҳонгача садоқат билан кутишга ваъда бериб, уйларига – Бекободга кетди.
Шарифжон ишхонасига томон йўл олди. Ҳамкасбларини соғинганини ҳис қилди. Ўқишга ишхонадагиларга билдирмай топширганидан виждони қийналиб юрганди. Айниқса, Сулаймон акага буни қандай айтишни билмаётганди. Шарифжоннинг отаси инжинер эди. Машинасозлик заводида Сулаймон ака билан ишлаганди. Урушга ҳам иккиси бирга кетади. Шарифжоннинг отаси қайтмайди. Онаси Раҳима эса ҳозирги ўгай отасига турмушга чиқади. Отаси бошқа эканини яқинда билган йигит падарининг касбини давом эттиришга аҳд қилиб, Сулаймон аканинг ёнида ишлай бошлайди.
Ишхонага бориб, ҳамкасбларини кўриб уйга қайтса, ота-онаси уни кутиб ўтирганини кўради. Шарифжон иншодан уч олганди. Ўгай отаси институтда ўқитувчилиги учун амаллаб домлалар билан гаплашиб, иншосини қайта ёздириш учун уйга олиб келганди. Бундай ноқонуний ишга аввалига йигит кўнмайди. Аммо онаси «Отангнинг орзуси сени ўқитиш, инжинер қилиш эди», деб туриб олгани учун ва айниқса, Муқаддас билан беш йил бирга, бир курсда ўқишни ўйлагани учун иншони қайта ёзишга киришади...
Бир неча кун ўтгач институтга боради. Буйруқ чиқибди. Аммо рўйхатни қараб Муқаддаснинг исм-фамилиясини тополмади. Ҳайрон бўлиб, деканатга йўл олади. Йўлда Муқаддасни учратади. У ҳам деканатга чиқиб кетаётганди. Уёқ бўлиб-бу ёқ бўлиб билишсаки, Муқаддаснинг ўрнига Шарифжон ўқишга қабул қилинган бўлади...
Ҳақиқатни билгач йигит эсанкираб қолади ва қилиб қўйган ишининг оқибати қанчалар даҳшатли эканини англайди. Муқаддасга тушунтирмоқчи, бундай бўлади деб ўйламаганини айтмоқчи бўлади. Аммо «Менинг ўрнимда бошқаси бўлгандаям бу қанчалик адолатсизлик бўлишини ҳис қилмаяпсизми?» деган жавобни олади.
Муқаддас кетади. Ўқишдан ҳам, шаҳардан ҳам, Шарифжондан ҳам...







