Жаҳон | 08:20 / 14.09.2023
10092
3 дақиқада ўқилади

Дернадаги қурбонлар сони 20 минг кишига етиши мумкин

Ливия шарқидаги Дерна шаҳрида тошқин қурбонлари сони 3840 кишига етди. Минглаб фуқаролар ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида турибди.

Фото: Esam Omran Al-Fetori/Reuters

Ливияда, мамлакат шарқида кучли ёмғир сабаб бўлган вайронкор сув тошқини қурбонлари сони ортишда давом этмоқда. Триполидан 900 км шарқда жойлашган Дерна порт шаҳри энг кўп жабр кўрган, у ерда 3840 кишининг жасади топилди, деб хабар қилди мамлакат Ички ишлар вазирлиги вакили 13 сентябр, чоршанба куни кечқурун. Унга кўра, минглаб фуқаролар ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида турибди.

Ўз навбатида, Дерна мэри табиий офатдан вайрон бўлган шаҳар ҳудудларида жабрланганларнинг умумий сони 18-20 минг киши бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Дернанинг тошқиндан кейинги сунъий йўлдош тасвирлари қирғоқ ҳудудлари деярли бутунлай сув остида қолганини кўрсатади. Халқаро миграция ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 100 минг аҳолига эга Дерна аҳолисининг учдан бир қисми бошпанасиз қолган. Қўшни аҳоли пунктларида ҳам вазият худди шундай.

Тошқиндан зарар кўрган ҳудудларда вазият ниҳоятда оғирлигича қолмоқда. Дернага олиб борувчи еттита йўлдан фақат иккитасига кириш мумкин, тўртта муҳим кўприк вайрон бўлгани учун фавқулодда ёрдам хизматлари ходимларининг аҳолига етиб бориши қийинлашган. Вазият электр таъминотидаги узилишлар ва телекоммуникация тармоғидаги носозликлар туфайли янада оғирлашмоқда.

10 сентябр куни кучли «Даниэл» тўфони Ливиянинг шимоли-шарқига келиб, сўнгги 40 йилдаги энг кучли ёғингарчиликни келтириб чиқарди. Натижада, ҳудудларни сув босди ва улар ташқи дунёдан узилиб қолди.

Жабрланганларга ёрдам

Айни пайтда, Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, инсонпарварлик ёрдамининг биринчи юклари, хусусан, Германиядан Ливияга етказилган. Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг Берлинда айтишича, айни дамда чодирлар, ичимлик суви, дори-дармон ва генераторларга эҳтиёж бор. Унинг сўзларига кўра, Германия халқаро ҳамкорлари билан яқин алоқада.

Европа Иттифоқи ҳам Ливияга 500 минг евро миқдорида фавқулодда ёрдам кўрсатди. БМТ Ливияга 10 миллион доллар (9,3 миллион евро) молиявий ёрдам ваъда қилди. Буюк Британия 1,16 миллион евро эквивалентига тенг «дастлабки ёрдам пакети»ни эълон қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид