Ўтган якшанба Тошкентда ёғган бир неча соатлик ёмғирга мавжуд инфратузилма дош беролмади. Чақмоқ оқибатида “свет” ўчди, дренаж тизимидаги муаммолар сабаб эса йўлларни сув босди. Баъзи мавзеларда кичик тошқинлар рўй берди. Яна озгина ёмғир ёғса, фавқулодда ҳолат юзага келиши мумкин эди, дейди шаҳарсоз.

Бу йили баҳор ёмғирларга бой ўтмоқда. Фаслнинг охирги ойида кетма-кет ёмғирли кунлар бўлиши аввалдан эълон қилинганди. Якшанба, 3 май кунги бироз кучли ёғган ёмғир эса ноодатий оқибатларни келтириб чиқарди. Ёмғир бир неча соат, кучли ёмғир эса бир неча дақиқа ёғди холос. Лекин Ўзбекистоннинг пойтахти – Тошкентдаги мавжуд инфратузилма бунга дош беролмай қолди.

Аввало, Тошкент метросининг “Чорсу” бекати деярли сув остида қолди. Айниқса, бекатнинг кириш қисми ярмигача сувга тўлди. Бундан ташқари, кўчалар, мавзеларда кичик тошқинлар рўй берган. Чилонзор туманидаги мавзеларда яшовчи аҳоли кўчага чиқиб бўлмайдиган вазият юзага келгани ҳақида гапириб, видеолар тарқатди.

Вазиятнинг энг муҳим томони шундаки, ёғган ёмғир ўта кучли эмасди ва бундай даражада ёғиши аввалдан эълон қилинган эди. Бироқ дренаж тизими ва атмосфера сувларини чиқариб ташловчи инфратузилма битта ёмғирга “чидолмади”.

Kun.uz билан суҳбатлашган шаҳарсоз, Тошкент Архитектура-қурилиш институтининг шаҳар инфратузилмаси кафедраси мудири Асадулла Ҳотамовга кўра, ўша куни яна бироз ёмғир ёғса, мавжуд инфратузилма билан фавқулодда ҳолат рўй бериши мумкин эди. Унинг қўшимча қилишича, сув тўпланиб кетишининг қатор сабаблари бор ва бу йиллар давомида йиғилиб келаётган муаммо.

Бундан 30 йил аввал илк Тошкентга келганимизда жарликлар бўлар эди, ҳозир қуритиб, тўлдириб ташлашди. Йиғилган сувлар ўшанда жарликлар томон ҳаракатланарди. Бундан ташқари, ариқлар бир-биридан узилган, борининг ичи эса ахлатга тўлиб кетгани сабаб шундай тошқин юз берган бўлиши мумкин”, дейди шаҳарсоз.

Бундан ташқари, шаҳарларнинг қурилишида вертикал лойиҳалаштириш жуда муҳим. Яъни атмосфера сувларини чиқариб ташлаш вазифасини бажарувчи қувурлар ва вертикал қочириш тармоғида бугун реал муммолар кузатилмоқда.

“Дренаж бу ерости сувларини маромида ушлаб турувчи тизим, дренаж билан боғлиқ муаммоларимиз асосий сабаб деб билмайман. Бу ерда гап сув қочириш тармоқларида. Чунки сув оқизиш коэффициенти бор, оддий ер, бетон ва асфалт сувни турлича қабул қилади. Шундан келиб чиқиб, вертикал лойиҳалаштириш муҳим”,