Жаҳон | 08:29 / 15.09.2023
5222
3 дақиқада ўқилади

Байденнинг ўғли қуролга ноқонуний эгалик қилишда айбланмоқда

Ҳар учала айблов бўйича Хантер Байден 25 йилгача қамалиши ва 750 минг доллар жаримага тортилиши мумкин. 

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байденнинг ўғли Хантер Байден ўқотар қуролни ноқонуний сақлашда айбланди. Бу ҳақда Делавэр штати федерал судига 14 сентябр, пайшанба куни тақдим этилган айблов хулосасида айтилган.

Икки ҳолат кичик Байденнинг 2018 йилда Colt Cobra 38 револьверини сотиб олиш учун бланкаларни тўлдиришда гиёҳванд моддалар истеъмол қилмаслиги ҳақида ёлғон маълумот бергани билан боғлиқ. Учинчи бандда айтилишича, ўша йилнинг октябр ойида у 11 кун давомида гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган ҳамда бу даврда қуролни сақлаб келган. 

Умуман олганда, Хантер Байден барча айбловлар бўйича 25 йилгача қамоқ жазоси олиши, шунингдек, 750 минг доллар жаримага тортилиши мумкин. Бу АҚШ амалдаги президентининг ўғли ёки қизи биринчи марта жиноий жавобгарликка тортилишидир. 

Хантер Байденнинг адвокати мижози ҳеч кимга таҳдид солмаганини маълум қилди

Хантер Байденнинг адвокати Эбби Лоуэлл айблов хулосасини сиёсий сабабга эга деб атади. «Кутилганидек, прокурорлар ушбу иш бўйича беш йиллик терговдан сўнг олти ҳафта олдин асоссиз деб ҳисоблаган айбловларни бугун қўзғатди, - деди Лоуэлл. - Бу иш бўйича далиллар сўнгги олти ҳафта ичида ўзгармади, лекин қонун ўзгартирилган, шунингдек, MAGA республикачилари (Make America Great Again, «Американи яна буюк қиламиз» - АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг сайловолди шиори) томонидан жараёнга ноқонуний аралашув». 

«11 кун давомида ўқсиз қуролга эга бўлган Хантер Байден жамоат хавфсизлигига таҳдид солмади, аммо сиёсий босимга берилиб кетган прокурор бизнинг адлия тизимимизга жиддий таҳдид соляпти», деди адвокат ўз баёнотида.

Хантер Байденнинг айбини тан олиш бўйича келишув муваффақиятсиз тугади 

Хантер Байденга нисбатан тергов 2018 йилдан бери давом этмоқда, ўшанда у Colt Cobra 38 револьверига ноқонуний эгалик қилгани ва бу фактни яшириб, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани маълум бўлган. Бундан ташқари, амалдаги президентнинг ўғли 100 минг доллардан ортиқ солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда гумонланган. 

Кичик Байден 2023 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва ноқонуний қурол сақлаш айбини тан олишга рози бўлди. Судгача бўлган келишув унга ҳақиқий қамоқ жазосидан қутулиб қолишга ёрдам бериши керак эди. Июл ойида округ суди судьяси Мэриэллен Норейка уни имзолашдан бош тортгани учун келишув амалда бузилгани маълум бўлди. Суд ҳужжатда «ностандарт шартлар» мавжуд деб ҳисоблади ва тергов давом этаётган эпизодлар бўйича Байденга иммунитет бериши мумкин. Битим бузилганидан сўнг, Байден ўз айбини тан олишдан воз кечди. 

Иш бўйича махсус прокурор Дэвид Вайснинг айтишича, томонлар янги келишув бўйича бир қарорга кела олмаган ва энди Хантер Байден тақдири жиноий судда ҳал қилинади. 

Мавзуга оид