Хўш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш учун нима қилиш керак?

Машҳур океаншунос Жак Ив Кусто «Ер — ҳаммамизнинг умумий уйимиз, сув эса танамизнинг қони», деган эди. Биламизки, томирдаги қон миқдори камайса ё таркиби бузилса, организм касалликка чалиниб, оғир аҳволга тушади.

Ҳозир бутун Ер юзида, хусусан, Ўзбекистонда сув ресурсларига эҳтиёткорлик билан ёндашиш масаласи кун тартибида турибди. Бу борада мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, сув ресурслари билан боғлиқ турли сценарийлар ишлаб чиқилмоқда.

Глобал исиш натижасида, Тяншан ва Помир тоғларидаги абадий музликлар ҳажми камайиб, қишда кам қор ёғиши натижасида 2050 йилга бориб Марказий Осиё Ер юзидаги сув энг тақчил бўлган ҳудудлардан бирига айланиши проноз қилинмоқда. Табиийки, ичимлик сув ва суғориш учун дарёларда ҳам сув камроқ бўлади, кўпроқ ер ости сувларидан фаол фойдаланишга ўтилади.

Зарафшон дарёси Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятларини сув билан таъминлайди. Фото: trip-for-the-soul.ru

Айни пайтда Ўзбекистонда марказлашган ичимлик суви таъминотининг 67 фоизи ерости сувлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Қайд қилинишича, 2014 йилга нисбатан 2022 йилда ер остидан сув олиш миқдори республика бўйича 30 фоизга ошган бўлса, айрим вилоятларда бу кўрсаткич жуда юқори. Республика ҳудудида 97 та ерости сув кони аниқланган. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида сувга эҳтиёж ортиб бораётгани сабабли ер остидан сув олиш миқдори кескин ошган.

Ер ости сув конларидаги сув захиралари кўп йиллар давомида шаклланади ва улардаги сув чеклангандир. Мутахассислар хулосасига кўра, тасдиқланган миқдордан ортиқча сув олиш сув сатҳининг пасайиб кетишига ва бу захираларнинг бир неча йил ичида тугашига олиб келиши мумкин.

Натижада, ичимлик сув манбаси бўлган қудуқлар қурийди ва катта маблағлар ҳисобига қурилган ичимлик сув иншоотлари сув бермай қўяди.

Сув ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш ҳаётий заруриятга айланиб бормоқда.