1980-йилларда Венгрияда ишлаб чиқарилган Ikarus автобуслари жуда оммабоп эди. Ўша пайтларда Европада ишлаб чиқарилган автобусларнинг ярмидан кўпроғини Ikarus’лар ташкил этарди.

Ҳар йили ўртача 12 минг дона автобус ишлаб чиқариларди ва унинг асосий қисми СССРга экспорт қилинарди. Шу сабабли собиқ иттифоқда, жумладан Ўзбекистонда шаҳар ва шаҳарлараро йўналишларда асосан Ikarus автобуслари хизмат қиларди.

Бироқ 1990-йиллар бошига келиб СССР тарқаб кетди ва корхона энг йирик харидордан айрилди. Шунингдек, Шарқий Европадаги давлатларга немисларнинг сифат жиҳатдан анча устун бўлган автобуслари кириб кела бошлади.

Оқибатда аввалига Ikarus компаниясида ишлаб чиқариш ҳажми кескин қисқариб кетди. Сўнг компания бутунлай банкрот бўлди.

Шаҳарлараро қатновчи Ikarus автобуси
Фото: autogaleria.hu

Ikarus тарихи

Ikarus автобусларининг тарихи 1895 йилга бориб тақалади. Шу йили Имре Ури исм-шарифли шахс Венгриянинг Пешт шаҳрида карета (одам ташувчи арава) тузатиш устахонасини очади.

(Ўша пайтларда Дунай дарёсининг икки томонида жойлашган Буда ва Пешт алоҳида шаҳарлар эди. Кейинчалик улар бирлашиб Будапешт номини олади.)

1920-йиллардан бошлаб устахона автобус кузовлари ишлаб чиқарувчи корхонага айланади. 1927 йилда Ури йирик буюртма олади. Ўша пайтларда автобус кузовлари асосан ёғочдан ишлаб чиқарилар ва устига металл қопланар эди.

Кўп ўтмай Урининг ўзи ҳам автобус ишлаб чиқаришни бошлайди. Аввалига у АҚШнинг Ford компаниясида ишлаб чиқарилган эски юк машиналарини автобусларга айлантиради. Кўп ўтмай немисларнинг Mercedes-Benz юк автомобиллари шассисидан фойдалана бошлайди.

1930-йиллар бошида Ури компания бошқарувини ўғилларига топширади. Шундан сўнг 1933 йилда компанияга «Ака-ука Урилар» деб ном берилади. 1939 йилда компания мингинчи автобусни ишлаб чиқаради.

«Ака-ука Урилар» компанияси ишлаб чиқарган автобус