20 сентябр куни Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоят филиалларига 100 та Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам машиналари етказиб бериш бошланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Беморлар ҳаёти ва соғлигини асраб қолиш, уларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда Тез ёрдамнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Шу боис, президентимиз топшириғига асосан кейинги йилларда бу йўналиш бутунлай трансформация қилинди. Соҳанинг моддий-техник базаси янгиланиб, кадрлар салоҳияти оширилмоқда.
Айниқса, тизимни энг сўнгги русумдаги ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий автотранспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида тез тиббий ёрдам хизматида кечикишлар сони кескин қисқарди. Бу эса шошилинч вазиятларда кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бермоқда», дейилади вазирлик хабарида.
Жорий йил январ ойида Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 110 та Volkswagen Caddy русумли тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминлангани, феврал ойида Jizzakh Auto томонидан йиғилган бу турдаги автомобилларнинг 117 донадан иборат навбатдаги партияси ҳудудларга тақдим этилгани эслаб ўтилган.
Шунингдек, август ойида А тоифали 50 та Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам автомашиналари Қашқадарё ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги «103» шахобчаларига берилди.
Маълум қилинишича, йил якунига қадар яна 500 дан ортиқ ана шундай транспорт воситаларини ҳудудларга етказиб бериш кўзда тутилган.
«Фавқулодда ҳолатларда ва касаллик хуруж қилган вақтда беморга имкон қадар тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, унинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолишга хизмат қилади. Шу сабабли «103» хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда. Йил якунига қадар яна 500 дан ортиқ ана шундай транспорт воситалари ҳудудларга етказиб бериш кўзда тутилган», дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров.
Соҳада амалга оширилаётган бу каби ижобий ўзгаришлар сабабли бугунги кунда «103» хизмати бригадаларининг чақирув манзилига етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқадан 8-12 дақиқагача қисқаргани, шунингдек, махсус автомашиналар парки 60-70 фоизга янгиланиб, тиббий бригадалар сони қарийб 2800 тага етгани, бу эса ўз навбатида мамлакат аҳолисига янада тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини бераётгани қайд этилган.

















