Киевда нисбатан энг жиддий вайронгарчиликлар Дарницкий районида кузатилган, аммо қурбонлар йўқ

Украина ҳаво кучларининг тонгда берган ҳисоботига кўра, зарбаларнинг биринчи тўлқини соат тахминан 3:40 да бошланган, бу зарбалар самолётлардан Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталарини йўллаш орқали берилган.

Ҳисоботда айтилишича, Саратов областидаги Энгелс аэродромидан ҳавога кўтарилган стратегик авиациянинг Ту-95МС русумли самолётларидан жами 43 та қанотли ракета учирилгани қайд этилган.

«Ракеталар бир неча тўлқинда юборилди. Улар Украина ҳаво кенгликларига турли йўналишларда кириб, доимий равишда курсни ўзгартириб туришди», — дейилган Украина ҚК ҳаво кучлари баёнотида.

Украин ҳарбийлари тасдиқлашича, 43 ракетадан 36 тасини уриб туширишга муваффақ бўлинган.

Киев

Киев шаҳри Дарницкий райони маъмурияти ракета парчалари тушиши оқибатида шикастланган уйлар ва автомобиллар акс этган суратларни намойиш этган

Киев ҳарбий маъмурияти тонгдаёқ шаҳарга стратегик авиациянинг Ту-95МС русумли 10 та самолёти ҳужум қилгани, улардан Х-101/555/55 типидаги қанотли ракеталар учирилгани, «душманнинг 20 дан ортиқ нишони йўқ қилингани» ҳақида хабар берганди.

Ракета парчалари Украина пойтахтининг камида учта районида аниқланган. Шевченкове районида ракета парчалари газ қувурига шикаст етказган, Дарницкийда — турар ва нотурар жойлар устига утшиб, сезиларли даражада шикаст етказган. Шунингдек, Голосийив районида қутқарувчиларни чақиришган.

Шаҳар маъмуриятига кўра, ҳужум вақтида етти киши, жумладан тўққиз ёшли қизча жароҳат олган.

Тонгда Киевда такроран ҳаво тревогаси эълон қилинган — Черниҳив области томондан ракеталар гуруҳи учиб келган. Пойтахтда учинчи тўлқин кузатилмаган.

Черкаси

Черкасида ракета ҳужуми оқибатида меҳмонхона биноси вайрон бўлиб, 10 киши жароҳат олган